ЧАҒОН — 8-а. бошларида Хоразмда ҳукмронлик қилган хоразмшоҳ. Пойтахт Фир (Фил) ш. (қ. Кот)ца. хоразмшоҳнинг саройи жойлашган. Манбаларда айтилишича, хоразмшоҳ Чағон ўзига қарши қўзғолон кўтарган халққа бошчилик қилган укаси Ҳурзод (Хўрзод) га қарши курашиш учун Хоразмга бостириб кирган араблар лашкарбошиси Қутайба ибн Муслимдан ҳарбий ёрдам сўрайди ва ўз шаҳарларининг олтин калитларини унга юборади (711 й.). Ҳурзод бу пайтда ўз тарафдорлари билан Миздаҳқонда турган. Хоразмни босиб олишга 2 йилча тайёргарлик кўрган Қутайба бу ихтилофдан унумли фойдаланиб, Ибн алАсирнинг ёзишича, 712 й. да ўз кўшини билан Фир ш. га бостириб кирган. Қутайбага қарши Ҳурзод қўшини мардлик билан курашган. Бироқ Ҳурзод жангда асир олиниб ўлдирилган. Хоразмшоҳ Ч. Ҳурзод тарафдорлари ва ўзига қарши чиқаётган Ҳамжир ҳокимларига қарши кураш олиб бориш учун яна Қутайбадан ёрдам сўрайди. Хоразмшоҳ Чағон оқибатда араблар ҳукмронлигини тан олиб, уларга хирож тўлашга мажбур бўлади. Хуллас, Чағон ҳукмронлиги даврида Хоразм ўз мустақиллигини йўқотган. Хоразмшоҳ Чағоннинг қўшинлари арабларнинг Самарканд ва б. шаҳарлар устига қилган юришларида бир неча марта иштирок этганлар. Қутайба Хоразмни тарк этгач, ватанпарварлар Чағонни хоинликда айблашган. Саросимада қолган Чағон — турклар, сўнгра Қутайба ҳузурига қочиб борган.
Ад.: История Хорезма, Т., 1976.