ЧАКАНДА

ЧАКАНДА, жирғаноқ (Hippophae) — жийдадошлар оиласи дарахтсимонлар ёки бутасимонлар туркуми; доривор ва мевали экин. Евросиёнинг илиқ икдимли минтақаларида 3 тури тарқалган. Шарқий ва Ғарбий Сибирь, Кавказ, Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистонда дарё соҳиллари ва тўқайзорларда Чаканданинг жумрутсимон тури (H.rhamnoides) ёввойи ҳолда ўсади. Россиянинг Олтой, Сибирь ва Ноқоратупроқ зоналарида маданийлаштирилган навлари ўстирилади. Табиий ўсадиган чакандазорлардан ҳам кенг фойдаланилади. Чаканда ёруғсевар, қурғоқчилик ва совуққа чидамли. Бўйи 2—5 м, сершох, барги наштарсимон зич, усти кулранг, ости кумушсимон. Чаканда икки уйли (эркак ва урғочи дарахтли) ўсимлик. Баҳорда барг чиқариши билан гуллайди, шамол ёрдамида чангланади. Гуллари майда сарғиш, ҳидли. Меваси авг. охири—сент. бошларида пишиб етилади, майда, тухумсимон ёки думалоқ, новдаларга зич ёпишган, ранги оч сариқ ёки сарғишқизил, таъми нордонширин. Таркибида органик кислоталар, қанд, С ва В, Е, Ғ гуруҳи витаминлари, каротин ҳамда тиббиётда ишлатиладиган шифобахш мой бор. Ч. бачки, пархиш ҳамда қаламчасидан кўпайтирилади. Қумликларни, қирғоқларни, темир йўл бўйларини мустаҳкамлаш, йўлакларни қордан химоя қилиш мақсадида ҳам экилади. Мевалари янгилигида ейилади, мураббо, жем, шарбат тайёрланади, мой олинади. Боғ ва хиёбонларда манзарали ўсимлик сифатида ўстирилади.

Prev Article

ЧАКА

Next Article

ЧАКСА