ЧАЛИШ

ЧАЛИШХоразм вилояти Урганч туманидатш шаҳарча. Амударё соҳилида. Вилоят маркази (Урганч ш.)дан 8 км. Яқин т. й. станцияси — Урганч (14 км). Аҳолиси 5,6 минг киши (2004). Чалиш ўрни аввал Амударёнинг чап соҳилидаги тўқайчакалакзорлардан иборат ҳудуд бўлган. 1886 й. да Амударё флотилияси ташкил топгандан сўнг пристань барпо этилиб, юк ташувчи қозоклар бу ерда макон тутганлар.

«Чалиш» атамаси — қайиқ, солларни эшкаклар ёрдамида дарёдан кечиб ўтказиш жойи (кечув) маъносида. Аҳоли даре бўйларидаги тўқайзорларда ўсувчи ёввойи кандирдан ип йигириб палое ва пойандозлар тўқишган. Шу сабабли бу жой Кандиркум, Қўполиқ (Қамишзор) деб ҳам аталган. 1929 й. гача бу ерда Қўполиқ пристани бўлган. 1929 й. баҳорида Амударё тошиб пристанни ювиб кетган. Кейинчалик унинг ўрнида қурилган пристань Чалиш деб аталган. Чалиш ёнида Амударё пароходчилиги сув йўлини назорат қилувчи техника участкаси ва б. ташкилотлар ишлай бошлади. 1940 й. да шаҳарчада боғдорчиликтокчилик хўжалиги барпо этилди.

1952 й. гача Чалиш Хоразм вилоятининг асосий транспорткема (порт) дарвозаси ҳисобланган. Хўжалик юклари Амударё орқали Чоржўй (ҳоз. Туркманобод) ва Орол денгизидан кемаларда ташиб келтирилган. Урганч — Ч. орасида тор изли (мотовоз) т. й. да юк ташилган. Чалиш 1957 й. гача Қорақалпогистоннинг Беруний тумани тасарруфида бўлган, сўнгра Хоразм вилояти Урганч тумани таркибига киритилган. 1969 й. 13 мартда Амударё тошиб овул сув остида қолган. Тошқин оқибатлари тугатилгач, Чалишда тошқинга қарши курашадиган қурилиш ташкилоти тузилди. 1992 й. да Амударё устидан Чалишни Қорақалпоғистоннинг Беруний ш. билан боғловчи понтон кўприги қурилди. Шаҳарча ёнида винобоп узум етиштириладиган ширкат хўжалиги бор.

Чалишда Амударё кемалар қатнови хавфсизлигини таъминловчи «Чалиш теххизмати» идораси, вилоят от спорти мактаби, қурилиш ташкилоти ва «Жайхун» санаторийси жойлашган. 2 умумий таълим мактаби (ўзбек ва қозоқ тилларида ўқитиладиган), маданият уйи, кутубхона, врачлик пункти мавжуд. Амударё соҳилидаги хушманзара жойларда шаҳарликларнинг дам олиш зоналари, дала ҳовлилари бор.

Ад. Нуржонов К., Кўҳна ва Янги Урганч, Урганч, 1993.

Loading...