ЧАНДРАГУПТА

ЧАНДРАГУПТА — Қад. Ҳиндистондаги Магадҳа давлати подшоси, Мауриялар сулоласи асосчиси (мил. ав. 317—293). Ёшлигида нандлар (Магадҳа подшолари) саройида хизмат қилган, кейинчалик улар билан тахтга эгалик қилиш учун кураш бошлаган, мағлубиятга учраб мамлакатнинг шим. гарбига кетган. У ерда Ҳиндистонга бостириб кирган Искандар (Александр) қўшинига қўшилган ва уни нандларга қарши гижгижлаган. Александр Ҳиндистондан кетгач, Чандрагупта юнонмакедонияликларни мамлакатдан бутунлай қувиб чиқариш учун бошланган курашга раҳбарлик қилган. Бунда анча ютуқларга эришган Ч. Магадҳа учун курашни қайта бошлаган, Дхан Нандуни тахтдан ағдариб ҳокимиятни қўлга олган. Шим. Ҳиндистонни тобе этиб Мауриялар империясига асос солган. Мил. ав. 305 й. Салавк I Никатор босқинини қайтарган, у билан тузилган сулҳга кўра, Чандрагупта 500 та фил эвазига Ҳинд дарёси ғарбидаги катта ҳудуд (ҳоз. Балужистон ва Афғонистоннинг бир қисми)ни олган ва Салавкнинг қизига уйланган. Айрим маълумотларга кўра, Чандрагупта мил. ав. 293 й. жайнизмни кабул килиб, тожу тахтдан воз кечиб роҳибликка кетган.

Loading...