ЧАНГИТКИЧ

ЧАНГИТКИЧ — ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш, ғўзанинг баргларини тўкиш (дефолиация) мақсадида уларга қуруқ чангсимон моддалар (заҳарли дорилар) сепиш учун мўлжалланган қ. х. машинаси. Худди шу мақсадда ўсимликларга суюқ моддаларни сепадиган машина пуркагич деб аталади (қ. Пуркагичлар). Ч. нинг тракторга ўрнатиб ва елкага осиб ишлатиладиган турлари бўлади. Тракторга ўрнатиб ишлатиладиган Чангиткич билан бир йўла 8 ёки 16 қатор ўсимликка (маc, ғўзага) дори сепиш мумкин. Асосий қисмлари: вентилятор (ёки дори аралаштириш камераси), паррак, дорини тўзитувчи учлик, таъминлагич шнек, ғалтак ва тарелка (расмга қ.). Ч. нинг иш органлари тракторнинг қувват олиш валидан ҳаракатланади. Елкага осиб юриладиган Чангиткичнинг асосий қисмлари: таъминлагичли бункер, қўлда ҳаракатлантириладиган вентилятор, тўзитувчи учликли най, елкага осиш тасмаси. Барча Чангиткич ларнинг иш тарзи бир хил: таъминлагич бункердаги дорини аралаштириш камерасига ҳайдайди, вентилятор ҳосил қиладиган ҳаво оқими уни тўзиткич орқали ўсимликка пуркайди. Чангиткичлар билан ғўзалар, дарахтлар, токларга ишлов берилади.

Loading...