ЧАҚИҚ ЖИНСЛАР

ЧАҚИҚ ЖИНСЛАР — чўкинди тоғ жинслари; турли тоғ жинслари (магматик, метаморфик ёки чўкинди тоғ жинслари) ҳамда минераллар (кварц, дала шпатлари, слюдалар, баъзан глауконит, вулкан шишаси ва б.) бўлаклари, парчаларидан ташкил топган. Чақиқ жинсларнинг цементлашган, цементлашмаган ва ғовак турлари мавжуд. Цементлашган Чақиқ жинсларда карбонатлар (кальцит, доломит), кремний оксидлари (опал, халцедон, кварц), темир оксидлари (лимонит, гётит ва б.), гилли минераллар ва б. боғловчи материал вазифасини ўтайди. Чақиқ жинсларда кўпинча органик қолдиқлар, моллюска чиғаноқлари, дарахтларнинг тана ва шохлари ва б. бўлади. Чақиқ жинслар, асосан, структурали белгижинс бўлаклари, парчалари, зарралар ўлчамига кўра таснифланади: йирик чақилган жинслар ёки псефитлар, зарраларининг ўлчами 1 мм дан ортиқ (цементлашмаган жинслар: палахса, ғўлатош, чағир тошлар, майда ва йирик шағаллар; цементлашган жинслар — конгломерат, брекчия, гравелит ва б.); қум жинслар ёки псаммитлар, заррачаларининг ўлчами 1—0,05 мм (қум ва қумтошлар); чангсимон жинслар ёки алевритлар, заррачаларининг ўлчами 0,05—0,005 мм (алевритлар ва алевролитлар); гилли жинслар ёки пелитлар зарраларининг ўлчами 0,005 мм дан кам (гиллар, аргиллитлар ва б.) бўлган жинсларга ажратилади. Чақиқ жинсларга вулкан жинслари ҳам киради. Олтин, платина, қимматбаҳо тошлар сочмалари, қалай, вольфрам минераллари, камёб ва радиоактив элементлар даре ва денгиз кумларида учрайди. Чақиқ жинслардан қурилиш материали сифатида, қумдан — шиша ва металлургия саноатида фойдаланилади.