ЧАРМ — ҳайвон терисидан ёки сунъий хом ашёдан тайёрланадиган материал. Табиий ва сунъий турларга ажратилади. Табиий Чарм ҳайвонлар: қорамол, от, қўй, эчки, чўчқа, туя, буғу, кийик, сув ҳайвонлари, ит, айрим балиқ ва б. ҳайвонларнинг терисини ошлаб тайёрланади. Ишлатилишига қараб, пойабзал, эгаржабдуқ, техника, кийимбош, атторлик учун мўлжалланган хилларга ажратилади. Хом ашё тури, ошлаш, пардозлаш, ташқи кўриниши, қалинлигига қараб ҳам хилларга бўлинади. Сунъий чарм полимер хом ашё материаллардан тайёрланади. Сунъий Чарм толалардан тўқилган ёки нотўқима матолар сиртига юмшоқ плёнка ҳосил қилувчи моддалар (каучук, латекс, поливинилхлорид ва б.) қоплаш натижасида ҳосил бўлади. Сунъий Чарм пойабзал, кийимкечак, атторлик ҳамда техника буюмлари тайёрлаш ва б. эҳтиёжлар учун табиий Чарм ўрнида кенг миқёсда ишлатилади (қ. Кўн, Кўнпойабзал саноати, Кўнчилик).