ЧАШНАЧИЛИК

ЧАШНАЧИЛИК (форстож. чашони — татиб кўриш, едириш) — узум, вино, озиқ-овқат маҳсулотлари ёки ўсимлик хом ашёси сифатини органолептик усулда — кўриш, ҳидлаш, таъм билиш, эшитиш аъзолари орқали аниқлаш. Виночиликда винонинг истеъмол қимматини ҳамда и. ч. жараёнида унинг сифатини махсус чашначи усталар баҳолайдилар. Тажрибали виночичашначи кимёвий тахдил ёки махсус асбоблар ёрдамида олинган вино ёки вино маҳсулот ҳақидаги ахборотни тўддириб, технологик жараённинг такомил даражасига тузатишлар киритади. Чой Ч. да қуруқ чойнинг ташқи кўриниши, дамланган чойнинг таъми, ранги, хиди ва баргининг кўриниши; тамакида ҳиди, таъми, ўткирлиги, тутунида ёғли моддаларнинг бўлишига эътибор берилади. Узумнинг хўраки навлари Чашначилик жиҳатидан 10 балли шкала бўйича — узум боши ва ғужумининг кўриниши, таъми ва ҳиди, пўсти хусусиятлари ва этининг тузилиши бўйича баҳоланади. Чашначиликнинг камчилиги — унинг муайян даражадаги субъективлиги, афзаллиги эса, энг сезгир асбоблар билан аниқлаб бўлмайдиган ўзига хос нозик сифат хоссаларини фарқлаш ва унга баҳо беришидир. Чашначиликда винолар орасидаги кимёвий йўл билан аниқлаш мумкин бўлмаган фарқни, маc, маркали ва оддий вино орасидаги таъм, хушбўйлик ва б. фарқларни аниқлаш мумкин. Чашначиликни махсус тажриба ва лаёқатга эга бўлган чашначи мутахассислар бажарадилар. Бундай қобилият табиий тарихий ривожланиш натижаси бўлиб, инсон шаклланганидан то ҳанузгача ва бундан буён ҳам и. ч. фаолияти таъсирида истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини сақлаш, овқатланиш маданияти билан доим алоқадорликда такомиллашиб боради. Маза сезиш аъзолари ривожланган, нодир қобилият эгалари бўлган чашначилар билинарбилинмас, ниҳоятда нозик таъм ва лаззатларни сезиб, хулоса чиқара оладилар. Кўргазма, танлов ва ярмаркаларда вино, узум, тамаки маҳсулотлари сифати чашначилар хулосаларига кўра белгиланади. Қадимдан ўзбеклар орасида урф бўлган анор сайли, қовун сайли (ширинак) каби сайилларда ҳам етиштирилган анор, анжир, қовунтарвуз ширинлиги, ранги, этининг мулойимлиги, шарбати миқдори, уруғининг озлиги ёки йирикмайдалиги каби сифатларини аниқлаш бўйича чашначилар мусобақалари ўтказилган.

Loading...