ЧАТҚОЛ ВОДИЙСИ — Ғарбий Тяньшан тоғларидаги водий, Чатқол дарёси юқори оқимида. Қирғизистон Республикасининг Ўш вилояти ҳудудида. Шим. ғарбдан Писком ва Сандалаш, шим. дан Талас Олатови, жан. шарқдан Чатқол тизмаси билан ўралган. Шим. шарқцан жан. ғарбга 90 км дан зиёд масофага чўзилган. Ўртача эни 2—5 км. Водий тубининг баландлиги жан. ғарбдан (1400 м) шим. шарққа (2200 м) ортиб боради. Водий Чапчама довони (2841 м) орқали Қозоғистоннинг Жамбул вилояти билан боғланган.
Чатқол водийсининг ўрта қисмидан оқиб ўтадиган Чатқол дарёси ва унинг ўнг ва чап ирмоқлари (Қорақасмоқ, Толдибулоқ, Сандалаш, Жартису, Қорақорум ва б.) кенг қайир, бир қанча эрозион ва эрозионаккумулятив террасалар ҳосил қилган. Террасалардан юқорвдаги тизмалар ён бағрида ва сувайирғич қисмларида текисланган юзалар учрайди.
Чатқол водийси тектоник жиҳатдан герцин бурмаланиши даврида шаклланган синклиналь ботиқцир. Водийни ўраб олган тизмалар палеозойгача ва палеозой даври чўкинди, метаморфик ва вулканик тоғ жинслари (сланец, қумтош, оҳактош, конгломерат, кварцит ва б.)дан ташкил топган. Водийда палеоген ва тўртламчи давр чўкинди тоғ жинслари (қумтош, алевролит, гил, конгломерат, мергель, қум аралаш шағал тошлар, лёсслар) тарқалган.
Иқлими кескин континентал. Ўртача тра январда —17,8°, июлда 17,3°. Энг паст тра (—47°) дек. да кузатилади. Ўртача йиллик тра 2° атрофида. Йиллик ёғин 600—700 мм. Асосан, март — апр. ойларида ёғади.
Чатқол водийси ҳудудида, асосан, бўз, қўнғир, жигарранг тупроқлар, дарё ва сойлар оқизиб келтирган тош, қум ва қумлоқлар учрайди. Эфемер ва эфемероидлардан лола, лолақизғалдоқ, ранг, қўнғирбош, буғдойиқ, какра, бўтакўз ва б., водийнинг баландроқ кисмлари ва дарё бўйларида бўлиқ ўтлар, буталар, дарахтлар (тиканли бодом, дўлана, зирк, арча, ёнғоқ, заранг, қайин, қайрағоч, тол, терак, олча ва б.) ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан бўри, айиқ, тулки, бўрсиқ, олмахон, кийик, қор қоплони, силовсин, каламуш, илонлар; қушлардан каклик, каптар, чумчуқ, қирғий, лочин, сўфитўрғай ва б. бор. Водий ҳудудида Бешорол қўриқхонаси ташкил қилинган. Водийда деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланилади ва ундан яйлов сифатида фойдаланилади.
Мурод Маматқулов.