ЧЕРВЕЦЛАР

ЧЕРВЕЦЛАРкокцидлар кенжа туркумига мансуб тенгқанотли ҳашаротлар. 250 га яқин тури учрайди. Танасининг уз. 0,5—35 мм. Урғочиси қанотсиз. Эркакларида битта олдинги жуфт қанотлари бор, оғиз аппарата ривожланмаган. Урғочисининг оғиз аппарати сўрувчи типда. Танасининг усти мумсимон ёки унсимон губор билан қопланган. Кўпчилик турлари мавсумда 1—2, айримлари эса 3—4 авлод беради. Жинсий йўл билан ёки партеногенетик кўпаяди. Урғочиси 3000 тагача тухум қўяди, тирик туғадиганлари ҳам бор. Ўрта Осиёда комсток червеци, унсимон узум червеци, думалоқ червец, акация ва б. зарар келтиради. Червецлар қишлоқ хўжалик ва техника экинлари, манзарали ҳамда ўрмон ўсимликлари зараркунандасидир. Кўпчилик турлари иҳота дарахтлари (тут)ни шикастлайди. Зарарланган дарахтлар ўсиши ёмонлашади, барг, мевалари тўкилади, новдалари куриб қолади. Бўёқчилик саноатида айрим Червецлар ажратган моддалардан фойдаланилади.

Кураш чоралари: қирқилган новдаларни боғдан ташқарига олиб чиқариб ёқиб юбориш; дарахт куртаклари ривожланмасдан олдин унга минералмой эмульцияси (бир туп дарахтга 10—15 л) пуркаш ва б. Экиладиган кўчатларни метил бромид препарати (50—60 г/м3) билан фумигация қилиш.