ЧЕХИЯ

ЧЕХИЯ (Cechy), Чехия Республикаси (Ceska Republika) — Марказий Европадаги давлат. Майд. 78,9 минг км2. Ахрлиси 10,5 млн. киши (2002). Пойтахти — Прага ш. Маъмурий жиҳатдан 14 обл. (вилоят)га бўлинади.

Давлат тузуми. Чехия — суверен, демократик давлат. Амаддаги конституцияси 1992 й. 16 дек. да қабул қилинган ва 1993 й. 1 янв. дан кучга кирган, 1997 й. 23 окт. да тузатишлар киритилган. Давлат бошлиғипрезидент (2003 й. дан Вацлав Клаус), у парламентнинг иккала палатаси томонидан 5 й. муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи органи — депутатлар палатаси ва Сенатдан иборат парламент. Ижрочи ҳокимият органи президент томонидан тайинланадиган ҳукумат.

Табиати. Чехия ҳудудининг катта қисми Чехия тоғларида жойлашган. Унинг атрофида ўртача баландликдаги Шумова, Чехия ўрмони, Рудали тоғлар (КрушнеГори), Крконоше тоғлари (энг баланд жойи 1602 м, Снежка тоғи) бор. Чехия тоғларининг ички қисми — Чехия сойлиги тепаликлар ва уларни ажратиб турувчи паст тоглардан иборат. Моравияда ҳам тепалик ва паст тоғлар кўп. Чехиянинг жан. ва марказий кисмида ЧехияМоравия қирлари бор. Чехияда кумир, темир рудаси, графит, каолин конлари мавжуд.

Иклими мўътадил иклим. Ғарбдан шарққа ва ички сойликларда континенталлашиб боради. Текисликларда ўртача тра янв. да —2° дан —4° гача, тоғларда —8° дан — 10° гача, июлда 19—20°, тоғларда 4—8°. Йиллик ёғин текисликларда ўртача 500—700 мм, тоғларда 1600—2100 мм. Мамлакатжан. ва ғарбида унча катта бўлмаган кўллар бор. Асосий дарёлари — Лаба (Эльба), Влтава. Тоғ ён бағирлари аралаш ва игна баргли ўрмонлар билан қопланган. Ҳайвонлардан тоғларда қўнғир айиқ, тулки, кийик, ёввойи эчки, текисликларда кемирувчилар, калтакесак ва қушларнинг кўп турлари бор.

Аҳолисининг кўпчилиги — чехлар (81,3%); словак, польяк ва б. ҳам яшайди. Шаҳар аҳолиси 70%. Расмий тилчех тили. Диндорларнинг аксарияти католиклар. Иирик шаҳарлари: Прага, Брно, Пльзень, Острава.

Тарихи. Чехия ҳудудида одам палеолит давридан бошлаб яшайди. Мил. ав. тахм. 400-й. ларда бу ерда кельтлар, мил. ав. 1-а. да кельт қабилаларининг бойи гуруҳи яшаган (Ч. нинг лот. Bohemia, нем. Bohmen номи ҳам шундан). 1минг йиллик ўрталарида Чехияда славян қабилалари кўпчиликни ташкил этди. 7-а. да Чехия худуди Само давлати, 9—10-а. бошларида Буюк Моравия давлати таркибига кирди. 10-а. да пайдо бўлган Прага князлиги илк чех давлатининг ўзаги бўлиб қолди. 1198 й. дан қиролликка айланди. 1310—1437 й. ларда чех ерлари Люксембурглар сулоласи мулки таркибида бўлди. 15-а. нинг 1ярмида Чехияда кучли ижтимоийинқилобий, миллий озодлик ҳаракатлари бўлиб ўтди (қ. Гусчилар ҳаракати). 1526 й. Ч. Габсбурглар империяси таркибига мухторият ҳуқуқи билан қўшиб олинди. 1618—20 й. ларда чех қўзғолонининг мағлубиятидан сўнг, унинг провинциясига айланди. 18-а. охири — 19-а. 1ярмида чех тили, миллий маданиятини сақлаш ва ривожлантириш учун миллий ҳаракат авж олди. 19-а. нинг 30—40-й. ларида у сиёсий тус ола бошлади. 1848 й. Прагадаги Святовацлав йиғини Габсбурглар империясида 1848—49 й. инқилоби бошланишига олиб келди. 1867 й. Ч. АвстрияВенгриянинг Австрия қисми таркибига кирди. 1878 й. Ч. да Чехославян социалдемократик ишчи партияси тузилди. 1918 й. АвстрияВенгрия парчалангач, Чехия Словакия билан бирлашиб мустақил Чехословакия Республикасини ташкил этдилар. 1938 й. окт. бошларида Германия Ч. нинг Судет вилояти деб номланган ҳудудини, 1939 й. мартда барча чех ерларини босиб олди ва уни «Богемия ва Моравия протекторати» деб эълон қилди. Чех халқининг 1945 й. майдаги қўзғолони натижасида 1945 й. 9 майда Прага ш. озод қилинди; чех ерлари ва Словакия Чехословакия Республикаси доирасида қайта бирлаштирилди. Чехия 1948 й. 9 майдан Чехословакия Халқ Демократик Республикаси, 1960 й. 11 июлдан Чехословакия Социалистик Республикаси, 1990 й. 29 мартдан Чехословакия Федератив Республикаси, 1990 й. 20 апр. дан 1992 й.

31 дек. гача Чехия ва Словакия Федератив Республикаси таркибида бўлди. Чехия ва Словакия Федерациясининг 1992 й. 25 нояб. даги Чехия ва Словакия Федерациясининг тугатилиши тўғрисидаги федерал қонунига биноан Чехия 1993 й. 1 янв. дан суверен давлатга айланди. Чехия 1993 й. дан БМТ аъзоси. 1992 й. 24 янв. да ЎзР суверенитетини тан олган ва 1993 й. 1 янв. дан дипломатия муносабатлари ўрнатган. Миллий байрами — 28 окт. — Мустақил Чехословакия ташкил бўлган кун (1918).

Асосий сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. Фуқаролар демократик партияси, 1991 й. 23 фев. да ташкил этилган; Фуқаролар демократик альянси, 1989 й. тузилган; Демократик иттифоқ партияси, 1994 й. асос солинган; Ч. ва Моравия коммунистик партияси, 1990 й. ташкил этилган; Озодлик иттифоқи партияси, 1998 й. тузилган; Чехия социалдемократик партияси, аввалги номи Чехословакия социалдемократик партияси, 1989 й. дан мустақил партия сифатида фаолият юритади. ЧехМоравия касаба уюшмалари конфедерацияси, 1990 й. ташкил этилган, 31 тармоқ касаба уюшмасини бирлаштиради.

Хўжалиги. Чехия — индустриалаграр мамлакат. Миллий даромадда қ. х. 5%, саноат 33%, хизмат кўрсатиш тармоғи 61,2% ни ташкил этади.

Саноатида ёқилғиэнергетика ва қора металлургия (Острава рни), кимё, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати ривожланган. Қўнғир кумир ва тошкўмир қазиб олинади. ОстраваКарвина тошкўмир, Шим. Чехия ва Соколов қўнғир кўмир ҳавзалари, темир руда конлари мавжуд. Йилига ўртача 58,7 млрд. кВтсоат электр энергияси ҳосил қилинади. Асосий саноат марказлари — Прага, Пльзень, Острава, Брно.

Қишлоқ хўжалигида, асосан, қанд лавлаги, буғдой, жавдар, арпа, емхашак экинлари, картошка ва б. экилади. Боғдорчилик ва сабзавотчилик ривожланган, кўп миқдорда қулмоқ (хмель) етиштирилади. Гўштсут чорвачилигига асосий эътибор берилади (чўчқа, қўй, қорамол, парранда боқилади). Сув ҳавзаларвда балиқ етиштирилади.

Т. й. узунлиги 9,4 минг км, автомобиль йўллари уз. 124,8 минг км. Влтава ва Лаба дарёларида кема қатнайди. Асосий даре портлари — Прага ва Дечин. Прагада халқаро аэропорт бор. Чехия четга машина ва жиҳозлар, енгил, шишакерамика саноати маҳсулотлари, кумир чиқаради. Четдан нефть, газ, кора металл, истеъмол моллари олади. Хорижий сайёхлик ривожланган. Германия, Словакия, Австрия, Россия билан савдо килади. Пул бирлиги — чех кронаси.

Маорифи, илмий ва маданиймаърифий муассасалари. Чехияда 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар учун 8 й. лик мажбурий таълим жорий этилган (асосий мактаб). 8 й. лик мактаб негизида тўлиқ ўрта мактаб, гимназия, ўрта касбҳунар билим юртлари ва мактаблари фаолият юритади; улар малакали ишчиларни тайёрлайди. Чехияда 23 олий ўқув юрти бор. Йириклари: Прага университеты, Политехника инти, Иқтисодиёт инти, Тасвирий санъат академияси, Мусиқа санъати академияси (ҳаммаси Прага ш. да), Брно, Оломоуц ш. ларидаги университетлар, Остравадаги кончилик инти. Олий илмий муассасаси — Чехия ФА. Вазирлик ва муассасаларнинг геол., гидрометеорология, сув хўжалиги марказий и. т. институтлари бор. Йирик кутубхоналари: Прага университети кутубхонаси, давлат кутубхонаси, Чехия ФА асосий кутубхонаси, Я. А. Коменский номидаги пед. давлат кутубхонаси, Брнодаги университет кутубхонаси, давлат илмий кутубхонаси. Острава, Оломоуц, Пльзень ва б. шаҳарларда ҳам илмий кутубхоналар бор. Чехияда бир қанча музей ва галереялар мавжуд. Йириклари: Прагадаги Миллий музей ва Миллий галерея, Напрстак номидаги этн. музейи, А. Дворжак музейи, Б. Сметана музейи, планетарий, чех миллий ёзуви музейи ва б.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Чехия бир қанча газ. ва жур. нашр этилади. Асосийлари: «Вечерник Прага» («Прага оқшоми», чех тилидаги кундалик газ., 1955 й. дан), «Власта» (Власта — аёл исми; чех тилидаги ҳафталик жур., 1947 й. дан), «Зрцадло» («Ойна», ёшларнинг ойлик жур., 1990 й. дан), «Лидова демокрация» («Халқ демократияси», чех тилидаги кундалик газ., 1945 й. дан), «Право» («Ҳуқуқ», чет тилидаги кундалик мустақил газ., 1991 й. дан), «Право лиду» («Халқ ҳуқуқи», чех тилидаги кундалик газ., 1989 й. дан), «Праце» («Меҳнат», касаба уюшмаларининг чет тилидаги кундалик газ., 1945 й. дан). Чехия телеграф агентлиги ахборот агентлиги бўлиб, 1918 й. Чехословакия телеграф агентлиги сифатида ташкил топган; 1992 й. дан ҳоз. номда. Чехия радиоси ва телевидениеси (1992 й. дан) фаолият юритади.

Адабиёти. 9-а. да пайдо бўлган чех ёзуви дастлабки эски славян тилида ривожланди. Бунда акаука Кирилл ва Мефодийларнинг маърифатпарварлик фаолиятлари муҳим роль ўйнади. Буюк Моравия давлати ағдарилгач (906), лотин тили ёйидди. Прагалик Козьманинг «Чех хроникаси» асари (1125) лотин тилида яратилган йирик асар хисобланади. Далимил Мезиржицскийнинг 14-а. бошларида яратган «Далимил хроникаси» асари чех тилидаги кад. адабий ёдгорликдир. Чехиянинг биринчи машҳур ёзувчиси ҳажвчи С. Фляшка (14-а. — 1403) дир. 15-а. да Ян Гус, Ян Желинский, П. Хельчицкий антикатолик руҳда асарлар ёздилар. АвстрияВенгрия ҳукмронлиги даврида чех адабиёти таъқибгаучради. 17-а. даги йирик адабий ёдгорлик — Я. А. Коменский асарлари бўлди. Й. Добровский, Й. Юнгман, П. Й. Шафарик, Ф. Палацкий, А. Я. Пухмайер, В. Ганка, Я. Коллар, Ф. К. Челаковский каби олим ва ёзувчилар чех миллий Уйғониш даври (18-а. охири — 19-а. 1ярми)нинг буюк арбоблари ҳисобланади. Бу давр адабиётда славян халқларининг бирлиги, чех халқининг ҳуқуқи, славянлар халқ оғзаки ижодига мурожаат, миллий маданиятни яратиш учун кураш ғоялари акс этди. 1848—49 й. инқилоби таъсири натижасида адабиётда миллий озодлик ғоялари кучайди, ижтимоий масалаларга эътибор ошди. К. ГавличекБоровский ва Б. Немцова Австрия монархиясидаги ижтимоий муносабатларни танқид қилиб чиқдилар. Танқидий реализмнинг пайдо бўлиши, асосан, Я. Неруда ижоди билан боғлиқ. А. Сташек асарлари, А. Ирасек, В. Б. Тршебизский тарихий насри ижтимоий романнинг шаклланишида асос бўлди. Шеъриятнинг ижтимоий аҳамияти ошди (С. Чех, Я. Врхлицкий, Й. В. Сладек). 19а. охири ва 20-а. бошларида модернистик ва декадентлик оқимлари пайдо бўлди. 1920—30 й. ларда ёзувчи Карел Чепек, 1940-й. ларда шоир Ярослав Зейферт самарали ижод қилди. Урушдан кейинги давр адабиётда антифашистик мавзу кенг ўрин эгаллади. Бу соҳада ёзувчилардан В. Ржезач, В. Незвал ижоди муҳим ўрин тутади. 1960—80-й. ларда Вацлав Гавелнинг Чехословакия ҳаётини акс эттирган драмалари, Милан Кундер, Богумир Грабал каби езувчиларнинг асарлари пайдо бўлди. Аммо адабиётнинг асосий ғоявий йўналишини ижтимоий ва миллий озодлик кураши масалалари белгилаб берди (А. Мацек, П. Безруч, А. Сова, Й. С. Махар шеърияти, И. Ольбрахт, Я. Гашек, М. Майеровалар илк насри).

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Чехияда палеолит даври ҳайкалчалари, неолит даврига оид керамика ва б. сақланиб қолган. Католицизм қабул қилингач (865), Византия, Ғарбий Европадаги каби тошдан черковлар қурилди (СтареМесто яқинидаги ибодатхона харобалари, 9-а., Прагадаги авлиё Вита ибодатхонаротондаси, тахм. 930). 11 —13-а. ларда роман услуби шаклланди. 13-а. ўрталари — 15-а. 1ярмида меъморликда готика санъати равнақ топди (Кршивоклатдаги қаср, 13—16-а. лар, Прагадаги авлиё Вита собори шарқий қисми). 16-а. 1ярмида Чехия меъморлигида Уйғониш даври услуби унсурлари пайдо бўлди (Прагадаги Бельведер саройи, тахм. 1536—36), 17-а. нинг 2ярмидан барокко услубидаги саройлар курила бошлади (КламГалласов саройи, тахм. 1713—25, меъмор Й. Б. Фишер фон Эрлах). 18-а. охири — 19-а. бошлари меъморликда классицизмдан сўнг эклектика руҳидаги «миллий романтика» йўналиши қарор топди (Прагадаги Миллий музей, 1884—90, меъмор Й. Шчульц). 19-а. охири — 20-а. бошлари модерн услуби ўрнини рационализм эгаллади. 1920 — 30-а. лар меъморликда функционализм миллий мактаби шаклланди (ГрадецКралове ш. даги Й. Гочер иншоотлари). Ҳайкалтарошликда ҳам кжсак ютукларга эришидпи. 1950-й. лар Прагада яратилган чех халкининг миллий қаҳрамони Ян Жижка, рассом Й. Манес (иккаласининг ҳайкалтароши Б. Каофка), Ян Гус (ҳайкалтарош К. Лидицкий), ёвузчи Б. Немцова (ҳайкалтарош К. Покорний) ҳайкаллари, В. Маковскийнинг «Янги аср» композицияси диққатга сазовор. 1945 й. дан кейин турар жойлар, жамоат марказлари, янги маъмурий ва маданиймаиший бинолар куриш авж олди. Жумладан, Брно ш. даги халқаро машинасозлик ярмаркаси мажмуи (меъморлар 3. Алекс, Ф. Ледерер), Йештед тоғидаги телеминора ва меҳмонхона (меъморлар К. Губачек, 3. Патрмак) ва б. ни кўрсатиш мумкин. 1970—80-й. ларда Прагада «Интернациональ» мехмонхонаси (меъморлар К. Филсак, И. Швец), «Котва» универмаги (меъморлар В. ва В. Махонинлар) ва Маданият саройи (меъморлар Я. Майер, А. Марек, Я. Кралик, В. Устогал), Прагадаги уз. 485 м бўлган осма кўприк (меъморлар В. Михалек, С. Губечка) яратилди.

Чехияда 7-а. да керамика, заргарлик буюмлари тайёрланган. 11—13-а. ларда деворий расмлар, миниатюралар пайдо бўлди. 13-а. ўрталари — 15-а. 1ярмида готика услуби равнақ топди. 14-а. 2ярмида портрет яратиш санъати ривожланди. 14а. охири — 15-а. бошларидан Чехия тасвирий санъатида амалийбезак санъати (бадиий шиша, витраж, мозаика, заргарлик буюмлари) кенг ёйидди. 17—18-а. тасвирий санъати барокко услубида ривожланиши билан бирга, унда реалистик ва демократик йўналишлар намоён бўлди. Бу даврда ҳайкалтарошлардан М. Б. Браун ва Ф. М. Брокоф машҳур бўлган. 18-а. ўрталарида ҳайкалтарошлик ва рассомликда рококо ва классицизм унсурлари пайдо бўдди. 18-а. охири — 19-а. бошларида Чехия санъатида классицизм ва романтизм билан бирга реалистик тенденциялар ёйилди. Рассомлар миллий тарих, ўлка табиатини тасвирлаш мавзуида асарлар яратдилар. 19-а. охирги чорагида рассом М. Алеш, ҳайкалтарош Й. В. Мисльбек ижоди ривожланди. Бу даврда графика модерн услубида тарақкий этди, ҳайкалтарошлик да Я. Штурса асарлари ажралиб турди. 20-а. бошида авангардизм вакиллари Б. Кубишта, Э. Филла, А. Прохазия, Я. Зрзавий, Р. Кремличка ижод қилдилар. 1918 й. мустақил Чехословакия республикаси ташкил бўлгач, миллий маданиятни ривожлантириш имконияти пайдо бўлди. Кўп авангардчи рассомлар ўз асарларида реал воқеликни акс эттирдилар (В. Новак, О Кубин, Й. Чапек, В. Рабас). Айрим рассомлар ишчилар синфи курашини ҳаққоний тасвирладилар (К. Голан, К. Штика ранг-тасвир асарлари, К. Покорний, Лауда ҳайкаллари, Ф. Бидло, В. Силовскийнинг график асарлари). 20-а. нинг 20—30-й. ларида чех санъатида ижтимоийтанқидий йўналиш шаклланди. 1945 й. Чехословакия немисфашистлардан озод этилгач, рассомлар Э. Филла, А. Падерлик, В. Седличек, ҳайкалтарошлар В. Маковский, К. Лидицкий, К. Покорний самарали ижод қилдилар. Бу даврда монументалбезак санъати турлари ривожланди. 1970—80й. лар санъаткорлари орасидан А. Забравский, Р. Коларж, Й. Брож каби рассом ва графикларни, И. Малейовский, М. Аксман каби ҳайкалтарошларни кўрсатиш мумкин. Бу даврда амалийбезак санъати турлари кенг ёйилди (бадиий ойна, тўқувчилик ва ҳ. к.).

Мусиқаси. Чехия мусиқа маданияти бой халқ ижоди — маиший, меҳнат, маросим қўшиқ ва рақслари асосида ривожланиб келди. Чолғу асбоблари — фуяр, волинка, най, труба, цитра, арфа ва б. 9-а. дан профессионал — диний (черков) ҳамда дунёвий мусиқа ижоди тараққий этди. 15-а. да бир овозли «гусчилар қўшиғи», 16-а. дан полифония мусиқаси ривожланди (А. Михна, Й. Рихновский, Я. Турновский ва б.). 17—19-а. ларда кўпгина чех композитор ва созандалари ўз Ватанини тарк этиб бошқа мамлакатларда самарали ижод килишди: Венада Ф. Тума, Я. Ванхель, В. Йировец ва б., Парижда А. Рейха, Италияда Б. Черногорский, Й. Мисливичек, Германияда Я. Зеленка, Мангейм мактаби вакиллари ва ҳ. к. 1737 й. Прагада опера театри, 1783 й. Ностицкий миллий театри, 1811 й. Прагада консерватория, 1831 й. орган мактаби, 1881 й. Миллий театр очилди. 1891 й. Чех квартети, 1901 й. Чех филармонияси, 1920 й. Прага квартети, 1928 й. Прага пуфлама соз квинтетига асос солинди. Ф. Шкроуп чех тилидаги биринчи операни яратди (1826). Б. Сметана ва А. Дворжак чех мумтоз мусиқа мактаби асосчиларидир. 3. Фибих ва Л. Яначек уларнинг издошларидир. 19-а. охири — 20-а. 1ярмида И. Б. Фёрстер, В. Новак, Й. Сук, Б. Мартину, В. ВЛейсек, О. Острчил каби композиторлар самарали ижод қиддилар. Ижрочилар орасида дирижёр В. Талих, скрипкачилар Ф. Лауб, О. Шевчик, Я. Кубелик, хонандалар В. Геш, Б. Бенони, К. Буриан, Э. Дестиновалар ажралиб туради. 1930-й. ларнинг ўрталаридан илғор мусикачилар антифашистик мавзуда асарлар яратдилар. 2-жаҳон урушидан кейин композиторлар жамиятдаги ўзгаришларни акс эттиришга интилдилар (В. Добиаш, Э. Акеман, Б. Мартину, К. Буриан ва б.). 1960—80-й. ларда композиторлардан Й. Пауэр, В. Соммер, Л. Железни, С. Гавелка, В. Калабис машҳур бўлган. Сметана, Яначек номидаги торли квартетлар, Й. Сук номидаги торли трио шуҳрат қозонган.

Театри. 16—17-а. ларда мактаб театри, айниқса, ҳаваскорлик театри кўплаб пайдо бўлди. 1737 й. Прагада биринчи доимий театр биноси — «Театр у Котцу» қуридди. 1786—89 й. лар «Боуда» театрида чех тилидаги труппа ишлай бошлади. 19-а. 1ярмида чех драматургиясида Я. Н. Штепанек (реж. ҳам бўлган), В. Клицпер, Й. К. Тил (профессионал театрнинг ривожланишида хизмати катта бўлган)нинг асарлари пайдо бўлди. Й. Тил 1824—34 й. ларда чех труппасини, 1835—37 й. ларда «Театр у Каэтана» номидаги ҳаваскорлар жамоасига раҳбарлик қилди. 1862—83 й. лар Прагада Муваққат театр фаолият кўрсатди. Бу театрда актёрлардан Й. Мошна (чех реалистик актёрлар мактаби асосчиларидан), Й. Битнер, Е. Пешкова, К. Шимановский, Ф. Колар, реж. лардан Й. Колар, Э. Хваловский ишлаган. 1881 й. дан «Театр у Либуше» театри ишлай бошлади. 1883 й. Прагада Чех миллий театрига асос солинди (20-а. нинг 70—80-й. ларида мамлакат театр ҳаётининг марказига айланди). 19-а. охири — 20-а. бошлари Лирик театр (1911 й. асос солинган), Санъат театри (1912—13) фаолият кўрсатди, ҳаваскорлик театрлари кўпайди. Пльзень, Брно ва б. шаҳарларда театрлар пайдо бўлди. 1919 й. дан Брно, 1920 й. дан Оломоуц шаҳар театрлари, 1933 й. дан Прагада «Д34» театри ишлай бошлади. Бу давр театр арбобларидан актёрлар — В. Видра, Я. Шкода машҳур бўлган. 2-жаҳон урушидан кейин Прагада Реалистик театр, Сатира театри ташкил этилди; 60—70-й. ларда кичик тажриба театрлари фаолият кўрсатди. 1970—80 й. лардаги актёрлардан О. Крейча, Ф. Смолик, Я. Пруха, 3. Штепанек, Б. Загорский, реж. лардан М. Михачек, К. Палоуш, К. Новак, ҳоз. композиторлардан П. Эбен, С. Гавелка, опера ижрочилари Г. Бенячкова, Э. Груберова, П. Дворский ва б. ни кўрсатиш мумкин.

Ўзбекистон — Ч. муносабатлари. 1993 й. имзоланган «Савдоиқтисодий ва илмий техникавий ҳамкорлик тўғрисида»ги ҳукуматлараро битим икки томонлама савдоиқтисодий муносабатларни ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг 1997 й. янв. да Чехияга қилган ташрифи икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим воқеа бўлди. Ташриф чоғида бир қанча ҳужжатлар имзоланди. Бу ҳужжатлар орасида сармояларни ўзаро ҳимоялаш ва рағбатлантириш, ташқи иқтисодий фаолиятни бошқарувчи муассасалар ва миллий банкларнинг ҳамкорлиги тўғрисидаги ҳужжатлар алоҳида ўрин олади. 1999 й. да эса, бирдек манфаатдор ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисида қўшма декларация, автомобиль транспортида йўловчи ва юкларни ташиш тўғрисида, 2000 й. да икки томонлама солиқ солиш ва мулкдан келадиган даромаддан солиқ тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисида битим имзоланди. 2004 й. 1 майдан Чехия Европа Иттифоқига қўшилганидан кейин 1993 й. да имзоланган савдоиқтисодий ва илмийтехникавий ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ўз кучини йўқотди. Шу муносабат билан томонлар 2004 й. 28 июнда иқтисодиёт, саноат ва илмийтехникавий соҳаларда ҳамкорлик бўйича янги битимни имзоладилар. 2003 й. икки томонлама товар айланмаси 20,9 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистон Чехияга газлама, йигирилган ип, пахта момиғи, жун, ошловчи ва бўёвчи экстрактлар, сут маҳсулотлари чиқаради. Чехиядан механика ва электр жиҳозлар, доридармон, қора металл ва ундан тайёрланган буюмлар, қоғоз ва картон, каучук ва резина буюмлари ва б. олади. Ўзбекистонда чехиялик ишбилармонлар сармояси иштирокида тузилган 30 корхона мавжуд. Улар орасида Чехия сармояси 100% бўлган 2 корхона бор. Улар қ. х. маҳсулотларини қайта ишлаш, халқ истеъмол моллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, доридармон и. ч. соҳаларида фаолият кўрсатади. Ташқи иқгисодий алоқалар агентлигида Чехиянинг «Эри элл Корпорэшн», «Марц ЦЗ», «Томас Прага», «ЧКД Нове Энерго», «АйвэксЧР», «Ясон Травел», «Янцен» каби компаниялари рўйхатдан ўтган. Икки давлат ўртасида материалшунослик, микроэлектроника, ядро физикаси, приборсозлик, машинасозлик, тиббиёт ва фармакология, шунингдек, интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш ҳуқуқи бўйича илмийтехникавий алоқалар ривожланмоқда. 1994 й. дан Лидице ш. да ўтказиладиган Жаҳон болалар ижоди кўргазмасида Ўзбекистондан ҳам болалар иштирок этади. 1994 — 2001 й. ларда улар 41 та мукофотга сазовор бўлдилар. УзР Соғлиқни сақлаш вазирлиги Чехиянинг «Хемапол», «Ково», «Лохема» фармацевтика фирмалари билан ҳамкорлик қилади.

Loading...