ЧИҒАНОҚ

ЧИҒАНОҚ — кўпгина умуртқасиз ҳайвонларнинг танасини қоплаб, ҳимоя функциясини бажарувчи скелет тузилмаси. Одатда, Чиғаноқ танага зич ёпишиб турмайди ва ундаги тешикдан организм қисман ташқарига чиқиши мумкин. Асосан, кальций карбонат ёки қум, диатомлар зирҳи, булутлар игнаси ва б. аралашган органик моддалардан иборат. Чиғаноқ баъзи бир ҳужайрали ҳайвонлар, кўпчилик моллюскалар, шунингдек, бўғимоёқлилар ва елка оёклилар учун хос. Чиғаноқ яхлит ёки бир неча камерали бўлади. Катталиги 50 мкм дан (фораминиферада) бир неча см гача. Моллюскалар чиғаноғи (Ч. билан тана оралиғида мантия бор) 3 қаватдан иборат: ташқи мугуз қават — периостракум органик модда (конхиолин)дан, ўрта қават — остракум конхин билан бириккан ва Чиғаноқ юзасига тик жойлашган оҳакли шпат ёки арагонит призмачалардан, ички қават — гипостракум (садафли қават) конхин билан бириккан арагонит (бирбирига ёпишган) пластинкалардан ташкил топган. Моллюскалар чиғаноғи шакли ҳамда катталиги турлича (тридакна чиғаноғи 1,7 м ча, оғирлиги 250 кг ча), зирхли моллюскалар чиғаноғи бир неча пластинкали бўлади.

Моллюскалар чиғаноғидан хўжалик ва зийнат буюмлари тайёрланади. Баъзи бир хужайрали қайвонлар чиғаноғи тўпланишидан чўкинди тоғ жинслари, моллюскаларникидан эса оҳак ва б. ҳосил бўлади.

Loading...