ЧИҒАТОЙ

ЧИҒАТОЙ, Чиғатойхон (71242) — Чиғатой улуси ҳукмдори (1224—42). Чингизхоннинт 2ўғли. Онаси Бўрта фужин (хотун) қўнғирот уруғи вакили Дай нўённинг қизи бўлган. Салтанат қонунқоидалари (тўра), удумлар, хусусан, Чингизхон ясосинннт беистисно бажарилишини назорат қилиш унинг зиммасига юклатилган. Ч. Чингизхон бошлиқ мўғулларнинг босқинчилик юришларида фаол иштирок этган. 1211 й. да Хитойга қарши ташланган ҳарбий сафарда Чиғатой укалари Ўқтой ва Тулу ҳамрохлигида бир нечта йирик шаҳарларни забт этган. Ўрта Осиёнинг мўғуллар томонидан истило қилинишида фаоллик ва қаттиққўллик кўрсатган Ч. Жўжи ва Ўқтой билан биргаликда Ўтрорни 3 ойлик қамалдан сўнг (1219) олган. 1220 й. Урганч мудофааси вақтида Чиғатой билан акаси Жўжи ўртасида келишмовчилик юзага чиқади. Оқибатда Чингизхон лашкар қўмондонлигига Ўқтойни тайинлайди. Чиғатой 1221 й. нинг 25 нояб. да Султон Жалолиддин билан бўлган қақшатқич жангда (қ. Синд дарёси бўйидаги эканг) отаси ёнида турган. Чингизхоннинг тангутларга қарши уюштирган ҳарбий сафари чоғида (1227) Чиғатой юртни муҳофаза қилиш ишларига бошчилик қилган.

1224 й. Чингизхон мўғуллар забт этган ерларни ўғилларига мулк тарзида тақсимлаб берган. Шарқца найман қабилалари яшайдиган Олтойдан ғарбда Жайхун (Амударё)гача, Ғулжадан Самарканду Бухорогача бўлган ҳудудлар Чиғатойга теккан. Унинг қароргоҳи Или дарёси водийсида жойлашган. Чиғатой ўзига тегишли улус бошқарувини аввал Махмуд Ялавочга, 1238 й. Маҳмуд Ялавоч Ўқтой томонидан Пекин губернатори (1254 й. гача) этиб тайинлангач, унинг ўғли Масъудбекка (1238 — 89) топширган (қ. Масьуд Ялавоч). Ўзи умрининг охиригача Ўқтой қоон саройида ҳукмдорнинг маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатган. Чиғатой номи билан унинг улуси Чиғатой улуси, Мовароуннаҳр аҳолиси сўзлашадиган тил эса чиғатой тили деб ном олган (қ. Чиғатойлар).

Ад. Рашидад-Дин, Сборник летописей, т.2, М. Л., I960; Абулғозий, Шажарайи турк, Т., 1992; Мирзо Улуғбек Тўрт улус тарихи, Т., 1994.

Ҳамидулла Дадабоев.