ЧИНГИЗХОН

ЧИНГИЗХОН (асл исми Тэмужин, Темучин) (тахм. 1155, Ўнон дарёси яқинидаги Делпун Бўлдан мавзеи — 1227.25.8) — Мўғуллар давлати асосчиси, саркарда. Мўғул қабилалари иттифоқи — тайжиутлар сардори Ясугай баҳодирнинг Ўэлун Фужин (хотун) дан туғилган тўнғич фарзанди. 13 ёшйда отасидан етим қолган Чингизхон 27 йил давомида бир қанча уруғ ва қабилаларни тайжиутлар атрофида бирлаштириш мақсадида ҳарбий ҳаракатлар олиб борган. 1195—1204 й. ларда Чингизхон кераитлар бошлиғи Ванхон Тўғрил (Ўнхон) билан иттифоқца меркит, найман, куралас, икирас, дурбан, татар ва ҳ. к. қабилаларни бўйсундиради. Бироқ, кейинчалик улар орасига адоват тушган. 1204 й. Ўнхон билан бўлган жангда ғалаба қозонган Чингизхон хонлик тахтини эгаллайди. 1206 й. мўғул аслзодалари, нўёнлари иштирокида буюк қурултойда «чингиз» (тенгиз — денгиз, океан) унвони билан сарафроз этилади (Улуғхон маъносида) ва барча қабила, уруғ, элатларнинг буюк хони деб эълон қилинади. Давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини тартибга солишда Чингизхон томонидан эълон қилинган қонунлар тўплами — ясо (ясоқ) муҳим роль ўйнайди. Минг кишилик шахсий гвардия ҳамда юз минг жангчидан иборат отлиқ армияни шакллантирган Ч. Сибирдаги бир нечта қабила ва элатларни (1207), Шим. Хитойни (1211 — 15), Ўрта Осиёни (1219—21), Хуросон, Эронни (1221—24) ўз тасарруфига киритади. Мўғуллар томонидан забт этилган ҳудудлар вайрон қилинган, аҳолиси қйриб ташланган, қулликка маҳкум этилган. 1224 й. Ч. Мўғуллар давлатини 4 ўғли — Жўжи, Чиғатой, Ўқтой ва Тулиларга тақсимлаб берган. Шим. Хитойдаги тангут қабилаларининг Сися давлати (10—13-а. лар)га қарши юриш қилган вақтида Чингизхон оғир дард туфайли вафот этади. Уни Мўғулистондаги Бурхон—Халдун тоғ этагида дафн этишади.

Ад.: У темишхаджи , Чингизнаме, АлмаАта, 1992; К ы чанов Е. И., Жизнь Тэмучжина, думавшего покорить мир, Бишкек, 1993; Султанов Т. И., Поднятые на белой кошме. Потомки Чингизхана, Алматы, 2001.

Loading...