ЧИННИ

ЧИННИ (чин сўзидан) — сув, газ ва электр ўтказмайдиган, ўтга чидамли, жарангдор, асосан, оқ рангли (юпқаси ёруғлик ўтказадиган) маҳсулот; керамиканинг нафис тури. Махсус тупроқ (Ч. гили), каолин, кварц, дала шпати ва б. хом ашёлар аралашмасидан тайёрланади. Чиннидан рўзғор буюмлари (чойнак, пиёла, коса, ликопчалар, лаганлар), безак буюмлари (гулдон, ҳайкалча ва б.), меъморлик деталлари, санитариягигиена буюмлари ишланади, кислоталар таъсирига чидамли (фторид кислотадан ташқари) бўлганидан кимё саноатида, электр утказмаслиги туфайли радиотехника ва электротехникада фойдаланилади.

Сифати жиҳатдан нафис Ч . (туркча фарфур, форсча — фағфур; энг сифатли Чинни тайёрланган қад. Хитой вилоятининг номи), дағал Ч . (фаянс, итальянча — Фаэнц; йирик керамика маркази бўлган шаҳарнинг номи), техник, хужалик, сирланган ва сирланмаган Чинни фарқланади. Нафис Чиннининг сувни сингдириши 0,5% гача. Дағал Чинни нафис Чиннига нисбатан серғоваклиги, сувни кўпроқ сингдириши (9—12% гача) билан фарқ қилади, шунинг учун ҳам у сирланади. Нафис Чинни ҳам, дағал Чинни ҳам бир хил хом ашёлардан тайёрланади (таркиби: оқ гил ва каолин 45— 50%, кварц қуми 25—35%, дала шпати 12 — 25%, бўр 0 —10%, чинни синиқлари 5—15%), фақат тайёрлаш технологияси ҳар хил бўлади. Чиннининг қаттиқ ва юмшоқ турлари ҳам бор. Идишлар ясашда, техника ва саноатда қаттиқ Чинни ишлатилади, бадиий ва безак Чинни маҳсулотлари юмшоқ Чиннидан тайёрланади. Қаттиқ Чинни юмшоқ Чиннига нисбатан чидамлироқ, хом ашёси таркибида тупроқ кўпроқ (45 — 60%) бўлади, шунинг учун ҳам юмшоғига нисбатан юқори трада (юмшоғи 1300° гача, қаттиғи 1450°гача) пиширилади. Чинни маҳсулотлари сирланиб, бўялиб, гуллар солиниб ёки гул босилиб ишлаб чикарилади.

Хитойда 4—6-а. ларда чиннисозлик санъати юксак даражага кўтарилган, Чиннининг таркиби ва тайёрлаш технологияси сир сакланган. 11 — 14-а. ларда Эрон, 16-а. да япон Чинниси шуҳрат қозонди. 16-а. да Европада (Флоренция, Франция, Голландия, Англияда) илк Чинни буюмлари пайдо бўлди, дастлабки Чинни зди 1710 й. да Майсенда, 1717—18й. ларда Венада, 1744 й. да Петербургда қурилди. Дания (Копенгаген), Швеция (Мариебург), Голландия (Been, Гаага), Бельгия (Турне), Швейцария (Цюрих), Чехия (Славков, Клаштерец) бадиий Чинниси шухрат қозонди. 18-а. ва 19-а. да Чиннидан безак маҳсулотлар ва бадиий буюмлар ясалган. 20-а. бошларидагина Чинни саноат миқёсида ишлаб чиқарила бошлаган.

Ўрта Осиёга Чинни қадимдан Хитой ва Эрондан, кейинчалик Россиядан келтирилган. Маҳаллий кулоллар (айникса, Риштон кулоллари) сополнинг Чиннига якин хилларини ишлашган. Ўзбекистонда Чинни саноати 20-а. 50-й. ларида юзага келди, биринкетин Тошкент, Самарқанд, Қува, Ангрен ш. ларида Чинни здлари қурилди (қ. Чинни-фаянс саноати).

Prev Article

ЧИН