ЧИРИЛДОҚЛАР

ЧИРИЛДОҚЛАР (Gryllidae) тўғриқанотлилар туркумига мансуб ҳашаротлар оиласи. Тропик ва мўътадил минтақаларда 2 мингдан ортиқ тури маълум. Сернам ўтлоқ ерларда, полиз ва сабзавот экинзорларида, хонадонларда яшайди. Ўрта Осиёнинг суғорма деҳқончилик минтақаларида кўпинча дашт чирилдоғи (Acheta deserta Pall.) учрайди. Эркагининг тана уз. 10 — 16 мм. урғочисиники 12—20 мм, кора; танаси майда кулранг туклар билан крпланган. Орқа оёқлари сакровчи. Устқаноти қорнининг учигача етади. Эркаги усгканотларини бирбирига ишқалаб чириллаган товуш чиқаради. Эшитиш органи олдинги боддирида. Қорнининг учида узун ўсимталари бор. Тупроқ ёриқлари, тошлар таги ёки уяларда, баъзилари уйларда (уй чирилдоғи ёки қора чигиртка) яшайди. Тупрокнинг юза қатламида катта (бешинчи) ёшдаги личинкалари қишлайди. Апр. май ойларида личинкалар пуст ташлаб, вояга етган ҳашаротга айланади. Қанотлари шаклланиб бўлганидан кейин, бир ой ўтгач Чирилдоқлар кичикроқ гала бўлиб, тупроқ ёриқларига тухум қўяди. 15—20 кунда тухумдан личинкалар чиқади. Йилига бир марта авлод беради. Экинларни зарарлайди, баъзан кўчат қалинлигининг камайишига сабаб бўлиши мумкин. Вертун чирилдоғи (Oecanthus turanicus Uv.) лалми экинзорларни ва уларга якин жойлашган ғўза, беда, ёш токларни зарарлайди.

Кураш чоралари: заҳарли хўрак ва ўсимликларга инсектицидлар сепиш, бегона ўтларга қарши кураш, тупроққа яхши ишлов бериш ва б.

Султон Алимуҳамедов.

Loading...