ЧЎЛ — ўсимлик дунёсининг яхши ривожланишига йўл бермайдиган доимий қуруқ ва иссиқ иқлимли ўлкалардаги биом типи. Ер қурукдик қисмининг 20% дан ортиғини эгаллайди. Тупроғи ва ер юзасини қоплаган ётқизиқларига кўра қуйидаги Чўллар ажратилади: қад. аллювиал текисликларнинг ғовак жинслари устидаги — қумли Чўл, гипсли плато ва тоғ олди текисликларидаги шағалли ва қумшағалли Чўл, гипсли плато ва тоғ олди текисликларидаги чағир шағалли гипсли Чўл, пасттоғ ва тепаликлардаги тошлоқ Ч., кам карбонатли қумоқ тупроқлар устидаги қумоқ Чўл, тоғ этаги текисликларидаги лёссли Чўл, тоғ этакларидаги текисликлар ва дарёларнинг қад. дельталари урнидаги гилли тақир Ч., шўр мергель ва гил жинслардан тузилган паст тоғлардаги гилли баланд Чўл, денгиз соҳиллари ва шўрхок депрессиялардаги шўрхок Чўл лар. Чўлнинг ўсимлик турлари ўзига хос. Улар қад. тур ҳосил бўлиш марказларидан. Бу ерларда кайнозойгача бўлган эндемиклар кўп тарқалган. Ўсимлик турлари Чўллар ер юзасининг тузилиши, тупроқ таркиби, намгарчилик миқдорига боғлиқ. Турли қитъалардаги Чўл ўсимликларининг тарқалишида ўхшашлик хусусиятлари ҳам бор; барча ерда ўсимлик сийрак, тури кам, катта майдонларда бир хил ўсимликлар ўсади. Мўътадил минтақаларнинг материк ичкарисидаги Чўл ларида склерофил типдаги ўсимликлар, жумладан, баргсиз бута кўп. Улар орасида эфемер ва эфемероидлар муҳим ўринни эгаллайди. Субтропик ва тропик минтақаларнинг материк ичкарисидаги Чўл ларида ксерофил буталар ва кўп йиллик ўт кўп. Қумли Чўл ларнинг ўсимлик дунёси бир қадар бой, қумшағалли Чўл ларда эса ўсимлик кам бўлади. Шўр қатқалоқ босган Чўл ларда ўсимлик умуман ўсмайди. Субтропик Чўл ларнинг ўсимлик дунёси анча бой. Бу ерларда пакана акация ва эвкалипт лар ўсади, шағал аралаш чағир тошли Чўл ларда шўра ва шўрадошлар учрайди. Океан соҳилларидаги субтропик ва тропик Чўл ларда суккулент типидаги ўсимлик кўп. Осиёнинг мўьтадил минтақа чўлларидаги дарё водийларида барг тўкувчи дарахтлар — туранғил, терак, тол, жийда, субтропик ва тропик минтақалардаги дарё водийларида доим яшил ўсимликлар — пальма ва толгуллар ўсади (яна қ. Чўл зоналари).
Потиҳкамол Ғуломов.