ЧОПИҚ

ЧОПИҚ, чопиқ қилиш — агротехника тадбирларидан бири, экиннинг қатор ораси ва илдиз атрофини 8—12 см чукурликда юза юмшатиш билан биргаликда ўсимлик тупи атрофига тупроқ уйиш; Ч. нинг асосий вазифаси — экин қатор ораларидаги бегона ўтларни йўқотиш, илдизнинг ривожланиши учун тупроқни юмшатиб, қулай намлик ва тупроқ шароитини яратиш. Чопиқ натижасида пушта ва эгатларда ҳосил бўлган ортиқча намлик йўқолиб, тупроққа ҳаво ўтиши яхшиланади, тупроқ яхши қизийди, илдизлар яхши ривожланади, суғорилганда илдизлар сувдан яхши баҳра олади. Қулай муддатларда ўтказилган Чопиқ далани бегона ўтлардан тозалайди. Чопиқдан олдин қоида тарзида экинлар суғорилади ва 2—3 кундан кейин ер етилиши билан Чопиқ ўтказилади. Кечикиб ўтказилган Чопиқда эса тупроқ қотиб, сифатсиз ишланади, ўсимлик илдизлари кесилиб, туплари юлиниб кетади, тупроқ нами беҳуда сарфланади. Маккажўхори, тарвуз, қовун, бодринг, помидор, бақиажон ва б. экинлар ҳосилдорлигини оширишда Чопиқнинг аҳамияти катта, чунки бу ўсимликлар Ч. дан кейин янги илдизлар чиқариб авж олиб ўсади. Чопиқнинг самарадорлиги, асосан, уни ўтказиш муддати ва сифатига боглик (яна қ. Культивация).

Prev Article

ЧОМГА

Next Article

ЧОРАКОР