ЧОПҚУН, чопғун — ўрта асрларда аксарият ҳарбий ҳаракатлар чоғида қўшиннинг озиқ-овқати, емхашаги ва б. эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, қамалда қолган шаҳар, қишлоқ, қалъа, қўрғон ва ҳисор мудофаачилари тинкасини қуритиш мақсадида теваракатрофдаги жойларга қилинган талончилик амалиёти. Чопқунда бир неча юздан бир неча минггача отлиқ жангчилар — чопқунчилар иштирок этган. Чопқун вақтида қўлга киритилган барча нарсалар, жумладан, бандилар қароргоҳга ўлжа қилиб олиб келинган. Бобур Афғонистон ва Ҳиндистон юришлари вақтида Чопқундан унумли фойдаланган. Тарихий манбаларнинг қайд этишича, 1502 й. Шайбонийхон Ҳисор ва Чағониён устига лашкар тортиб борганида, Ҳисор теваракатрофини Чопқун қилган. Унинг чопқунчи (юртовул)лари 100 минг қўй, 50 минг от, 50 минг асир ва б. нарсаларни ўлжа сифатида хон қароргоҳига олиб келганлар. 1505 й. Шайбонийхон Хоразм волийси Чинсўфига қарши отланганда 5 минг аскардан иборат чопқунчини Хива атрофидаги қишлокларни талаш учун тайинлайди. Чопқун натижасида 100 мингдан ортиқ қорамол, қўй, от ва б. қўлга киритилган.