ЧОР БАКР МЕЪМОРИЙ МАЖМУАСИ

ЧОР БАКР МЕЪМОРИЙ МАЖМУАСИ — Бухоронинг Сумитан мавзеидаги меъморий ёдгорлик (16—19-а. лар). Шу ерда яшаб ўтган машҳур тўрт шайх (қ. Чор Бакр) номи билан боғлиқ. Шайхлар қабристони олдига Абдуллахон II томонидан хонақоҳ, масжид, Мадраса ва катта боғдан иборат меъморий мажмуа барпо этилган (1559), кейинги асрларда яна қўшимча бинолар қурилиб, атрофи боғларга айлантирилган. Хонақоҳ гумбазли хона ва пештокдан иборат. Пештоқ безагида кошинкори нақшлар ва йирик куфий ёзувлар, 2 ён канотида гулдасталар бор. Ички безагида ганчкорлик ва қирма намуналари учрайди. Мадраса пештоғи кенгроқ, даҳанаси уч равоққа бўлинган. Китобаси арабий ёзувдан иборат.

Дарсхона тўртбурчак тархли, гумбазли, бурчаклари ҳужраларга туташ. Ён тарзлари қўшқават равоклар қаторини такрорлайди. Ёзлик масжид майдон саҳнининг тўрида Мадраса ва хонақоҳ орасида жойлашган. Пештоғининг 2 қаноти қўш қаватли ҳужралардан иборат. Пештоқ олдидаги супа саҳнидан намозгоҳ сифатида фойдаланилган. Мўъжаз минора меъморий мажмуа марказида жойлашган.

Loading...