ЧЎР

ЧЎР, Чур — Турк хоқонлиги бошқарувидаги унвонлардан бири. Қад. турк битиктошлари, хитой, суғд, араб, форс манбаларида учрайди. Чўр унвони, асосан, хоқонликнинг ғарбий қисмидаги «Ўн ўқ» бошқаруви таркибида беш дулу уруғи ва б. йирик туркий урутлар бошлиқларига нисбатан қўлланилган. Жумладан, ушбу унвон хитой манбаларида чжо шаклида қайд қилиниб, Ғарбий Турк хоқонлиги бошқарувида ислоҳот ўтказилганлиги ва Еттисувдаги Суяб дарёсининг шарқий ҳавзасида яшовчи дулу қабиласининг бешта уруғи бошлиқларининг ҳар бирига чжо (чўр) унвони берилгани айтиб ўтилади. Чўр унвони хоқонлик таркибидаги бошқа ўлкалар бошқарувида ҳам ишлатилиб, баъзан киши номлари таркибида қўлланилгани кўзга ташланади. Табарийнинг «Тарих аррасул валмулук» (9-а.) баъзи нусхаларида Фарғона ҳукмдорининг исми Жўр (Чўр) тарзида учрайди. Яъқубийнинг «Китаб албулдон» (9-а.) асарида Фарғона ҳукмдорининг авлоди тарзида курсатилган Билгачўр исмидан ҳам водийнинг бошқарувида Чўр унвони қўлланилганини пайқаш мумкин. Урхун битиктошларида Кўлчўр, Чўртегин, араб манбаларида Харачур, Алпчур, Алтучур каби туркий лашкарбошилар исми учрайди.

Ад. Исҳоқов М., Унутилган подшоликдан хатлар (бир туркум суғд ҳужжатларининг ўзбек тилига таржимаси ва изохлари), Т., 1992.

Loading...