ЧУКЧА ТИЛИ

ЧУКЧА ТИЛИ, чукот тили — чукоткамчатка тиллари оиласининг чукот-коряк тармоғига мансуб тил. РФнинг Чукот ва Коряк мухтор округларида, шунингдек, Саха Республикасининг Қуйи Колима туманида тарқалган. Сўзлашувчиларнинг умумий сони 15 минг кишидан ортиқ (ўтган асрнинг охирлари). Чукча тилининг 10 га яқин лахжаси булиб, уларнинг асосийлари 2 та: шарқий (уэлен) — адабий тилга асос бўлган; ғарбий (певек). Чукча тили фонетик тизимида 6 унли, 13 ундош мавжуд; унлиларда сингармонизм, ассимиляция, диссимиляция ҳодисалари кузатилади. Грамматик қурилиши жиҳатидан агглютинатив тилларга киради. Суз ва шакл ясалиши суффикслар ва префикслар орқали амалга ошади. Морфологиясида сон категорияси (бирлик ва куплик) мавжуд, олмошлар сони 6—8 тани ташкил этади. Синтаксисида қўшма гапларга нисбатан содда гаплар кўпроқ қўлланади. Лексикасида эскимос, юкагир тилларидан, шунингдек, рус тилидан (19а. охири — 20-а.) ўзлашган сўзлар бор. 1931 й. да лотин графикаси асосида шаклланган ёзуви 1936 й. да рус графикасига кўчирилган.

Loading...