ЧУЛИМ — Сибирь (РФ Красноярск ўлкаси ва Томск вилояти) даги дарё. Обь дарёсининг ўнг ирмоғи. Уз. 1799 км, ҳавзасининг майд. 134 минг км2. Кузнецк Олатовидан бошланувчи Белий ва Чёрний Июс дарёларининг қўшилишидан ҳосил бўлган. Асосан, қордан тўйинади. Ўртача сув сарфи 785 м3/сек. Окт. — нояб. да музлаб, апр. — майда муздан бўшайди. Йирик ирмоқлари ўнгдан: Кемчуг, Чичкаюл; чапдан — Кия, Сереж, Урюп, Яя. Ёғоч оқизилади. Қуйилиш жойидан 1173 км масофада кема қатнайди. Чулим бўйида Назарово, Ачинск, Асино ш. лари жойлашган.