ЧУМЧУҚСИМОНЛАР

ЧУМЧУҚСИМОНЛАР (Passeriformes) — қушлар туркуми. 63 оиласи, 5100 га яқин тури маълум. Ўзбекистонда 209 тури учрайди. Чумчуқсимонлар танасининг уз. 9,5 дан (королёк—читтакнинг бир тури) — 65 см гача (қузғун). Оғирлиги 3—4 г дан 1,1—1,6 кг гача. Ер юзида кенг тарқалган. 4 кенжа туркум: шохтумшуқли Чумчуқсимонлар, қичқирувчи Чумчуқсимонлар, сайроқи Чумчуқсимонлар ва ярим сайроқи Чумчуқсимонларга бўлинади. Шохтумшуқли Чумчуқсимонлар (14 тур) Африка ва Жан. Шарқий Осиёда тарқалган. Қичқирувчи Чумчуқсимонлар (1100 тур) Жан. Америка ва Шарқий ярим шарнинг тропик қисмида тарқалган. Сайроқи Чумчуқсимонлар (қарийб 4000 тур) ер юзининг ҳамма жойида яшайди. Ярим сайроки Чумчуқсимонлар (4 тур) Австралияда учрайди. Кўпчилик Чумчуқсимонлар дарахт ва бутасимон ўсимликларда, айримлари ҳавода, баъзилари ерда яшайди. Ўтроқ, кўчиб юриб ва мавсумий ҳаёт кечирувчи Чумчуқсимонлар бор. Тропик ва субтропик мамлакатларда йидда икки марта 4—6 (баъзилари 16) та, Австралияда яшовчи айрим турлари 1 та тухум қўяди. Кўпчилик турлар 11—14 кун, баъзилари 19—20 кун, айримлари 45 кун тухум босади. Кўпчилиги жиш жўжа очади (қ. Жиш жўжа очувчи қушлар); боласи бир ёшда вояга етади. Нари ва модаси катталиги, ранги, сайроқилиги (нари сайрайди) билан бирбиридан фарқ килади. Чумчуқсимонларнинг ҳашаротхўрлари ва ўсимликхўрлари мавжуд. Баъзи турлари зараркунанда ҳашаротлар билан озиқланиб, қ. х. га катта фойда келтиради. Ноёб турлари Табиат ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи Қизил китоби рўйхатига киритилган.

Loading...