ЧУҚУРЛИКДАГИ ЁРИҚЛАР

ЧУҚУРЛИКДАГИ ЁРИҚЛАР, ўта чуқур ёриқлар — Ер пўстининг мантиягача бўлган қисмидаги чўкинди ва магматик тоғ жинсларининг геологик ташкил топиш даврларида тектоник ҳаракатлар туфайли яхлитлигининг бузилиши (деформацияланиши, дарз кетиши, синиши ва майдаланиши) натижасида ҳосил бўлган зоналар. Узунлиги юзлаб км, чуқ 70—80 км ва эни бир неча юз м дан 10 км га чўзилган бўлиб, баъзи жойларда улар Ер мантиясигача кириб боради. Бу зоналар йирик геологик структуралар (тоғ тизмалари, чўкма, водий ва текисликлар)ни бирбиридан ажратади ва турли шаклларда намоён бўлиб, чегара вазифасини ўтайди. Дастлабки Чуқурликдаги ёриқлар протерозой бошларида (600 млн. йилча аввал) пайдо бўлган. Чуқурликдаги ёриқлар таълимотига асос солган рус олими А. В. Пейве 1945 й. да «Чуқурликдаги ёриқлар» терминига кенг таъриф берган. Чуқурликдаги ёриқлар ҳақидаги таълимот геотектониканинг мустақил бўлимига айланди. Чуқурликдаги ёриқлар Ер пўсти ва юқори мантиянинг ўта ўтказувчан зоналари бўлиб хизмат қилади, бу зоналарда магматик ўчоқлар вужудга келади ва магматик фаолият тўпланади. Чуқурликдаги ёриқларда вулкан минтақалари, ультра асосли магма минтақалари, гранитоид плутонлари ва руда майдонлари бўлади. Континент, денгиз ва океанлар, тоғли ўлкаларнинг чегаралари кўпинча, Чуқурликдаги ёриқлар билан боғлиқ. Улар геофизика усуллари, аэрокосмик фотосъёмка, айниқса, чуқур сейсмик зондлаш, зилзила тўлқинлари ёрдамида аниқланади ва ўрганилади. Чуқурликдаги ёриқларнинг юқори қисми билан зилзила ўчокларй бевосита боғлиқ. Баъзан уларнинг йўллари бўйлаб нефть ва газ конлари қатори жойлашади. Ўрта Осиёда, шунингдек, Ўзбекистонда ТаласФарғона, Фарғона жан. ва шим. ҳамда Тяньшан жан. чуқур ёриқлари мавжуд. Улар геологик структураларни ва улар билан боглик бўлган фойдали қазилма бойликларни шаклланишида муҳим роль ўйнаган. Ўрта Осиёда Чуқурликдаги ёриқларни ўрганишда Ҳ. М. Абдуллаев, М. О. Аҳмаджонов, Т. Л. Бобожонов, Ф. Х. Зуннунов, Р. Н. Иброҳимов, И. Ҳ. Ҳамробоев, Ж. Ҳ. Яқубов ва б. салмоқли ҳисса қўшганлар.

Ад.: И. Х. Хамрабаев, Глубинное строение литосферы Памира и Тяньшана. Динамика и эволюция литосферы, М., 1986.

Loading...