ЧУСТИЙ

ЧУСТИЙ (тахаллуси; асл исмшарифи Хўжаев Набихон) (1904.20.2 — Чуст ш. — 1983.13.8) — шоир, таржимон. Чуст ва Қўқондаги эски мактаб ва мадрасаларда таълим олган. Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллик юбилейини ўтказишга тайёргарлик муносабати билан Тошкентга ишга чақирилган. Чустий Муқимий театрида адабий эмакдош (1939—41) ва директор (1941—42). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси адабиёт фондида директор (1942—44), Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт интида илмий ходим (1959—68). Чустий асосан мумтоз шеърият йўлида ижод қилиб, ғазал, мухаммас, мусаддас, мураббаъ, рубоий, туюқ, маснавийлар ёзган. Шоирнинг бу ижод намуналари унинг «Гул мавсуми» (1969), «Ғазаллар» (1977) тўпламлари ва «Ҳаётнома» (1988), «Садоқат гуллари» (1992), «Кўнгил тилаги» (1994), «Кўргунча хайр энди» (2004) девонларида нашр этилган. Турли йилларда яратилган «Тирик жаннатга кирган кампир», «Кийикнома», «Боги Эрам» достонлари ҳам бор. Ч. айниқса 2-жаҳон уруши йилларида фаол ижод қилган. Ватанпарварлик ва қаҳрамонлик мавзуларидаги «Шамшир», «Лолазор», «Ҳаёт завқи», «Қўзғол», «Жасур оила» шеърий тўпламлари, «Зафарнома» достони, «Даврон ота» (К. Яшин ва С. Абдулла билан ҳамкорликда),»Ўзбекистон қиличи», «Қурбон Умаров», «Қўчқор Турдиев» (С. Абдулла билан ҳамкорликда), «Қасос» (А. Умарий ва Туйғун билан ҳамкорликда) саҳна асарларини яратган.

Чустийнинг ишқий ва ахлоқий мавзудаги кўплаб ғазал, мухаммас, мураббаълари қўшиқларга айланиб, таниқли ҳофизлар томонидан куйлаб келинади. Чустий ўзбек мумтоз шеъриятининг улкан намояндалари Навоий, Фузулий, Нодира, Фурқат ва б. нинг анъаналарини давом этгириш билан бирга уларнинг энг яхши ғазалларига тахмислар боғлаган. Шунингдек, у мумтоз ва замонавий форс адабиётининг машхур вакиллари Саъдий, Ҳофиз, Хусрав Деҳлавий, Собир Термизий, Мирзода Ишқий, Жаъфар Ифтихор, Парвин Эътисомий ва б. нинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 4ж. ли «Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати»ни (1—2ж., Т., 1983) тузишда фаол иштирок этган.

Тошкент, Чуст, Қўқон, Наманган шаҳарларидаги кўча, мактаб, кутубхона, кинотеатр ва жамоа хўжаликлари Чустий номи билан аталади. 2004 й. июнь ойида Чустий таваллудининг 100 йиллиги нишонланди.

Ас: Гул мавсуми, Т., 1969; Ҳаётнома, Т., 1988; Садоқат гуллари, Т., 1992; Кўнгил тилаги, Т., 1994; Кўргунча хайр энди, Т., 2004.

Ад.: Ёд этингиз камтарин Чустийни ҳам, Наманган, 1994; Қалблардасиз мавлоно Чустий, Наманган, 2004.

Prev Article

ЧУРРА

Next Article

ЧУФУТ ҚАЛЪА