ДАБИРИЙ

ДАБИРИЙ — Каттақўрғоний, Мийно (тахаллуслари; асл исми Остонақул Абдушукур ўғли) (1871 — Каттақўрғон ш. яқинидаги Пайшанба қишлоғи — 1939) — шоир, хаттот. Бухородаги Халифа Ҳусайн мадрасасида таҳсил кўрган. Ўз қишлоғи ва Бухоро амири саройида мирзалик қилган. «Ёш бухороликлар»га қўшилиб амир Олимхонга қарши ҳаракатда қатнашган. 1917 й. окт. давлат тўнтаришидан кейин янги усулдаги мактабда муаллимлик қилган, кўҳна қўлёзмаларни қидириб топиш билан ҳам шуғулланган. Ўзбек ва тожик тилларида ижод қилган. Навоий, Фузулий, Бедил ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Девон тузган, аммо девони амир кишилари томонидан ёқиб юборилган. Асарларидан намуналар «Баёзи Валий», «Баёзи Махдий», «Баёзи Муҳиббий» каби манбаларда сақланган. Бизгача 2000 мисра шеърлари етиб келган. Хиромийнинг «Чор дарвеш» достонини ўз қўли билан кўчириб, муқаддима (шеърий таърих) ва сўнгги сўз билан Когонда чоп эттирган.

Prev Article

ЧҲАТТИСГАРҲ

Next Article

ДАВАО