ДАКРИОАДЕНИТ (юн. dakryon — ёш ва aden — без) — кўз ёши безининг яллиғланиши. Кўпинча бир томонлама бўлади. Дакриоаденитнинг ўткир ва сурункали хиллари бор. Д. инфекцион касалликлар (грипп, тепки, ангина, қизамиқ ва б. касалликлар) натижасида пайдо бўлиб, бунда юқори қовоқнинг чакка соҳасида оғриқ, шиш, қизариш кузатилади. Баъзан шиш оқибатида без жуда катталашиб, кўз тирқиши торайиб, кўз соққасини бурун ва ички-паст томонга суриб қўяди. Беморнинг боши огриб, тинкаси қурийди, т-раси кўтарилади, қулоқ олди лимфа безлари шишиб, ушлаганда оғрийди. Яллиғланиб шишган ёш бези камданкам ҳолларда ёрилиб, йиринг чиқади ёки ёш безининг абсцессга олиб келади. Сил, захм каби умумий касалликлар оқибатида келиб чиққан сурункали Дакриоаденит кам учрайди. У аста-секин бошланади, кўз соққаси олдинга ёки пастга, ичкарига силжийди. Дакриоаденитга сабаб бўлган асосий касалликка даво қилинса, яллиғланиш йўқолиб кетади. Беморни фақат врач даволайди. Маҳаллий (қуруқ иссиқ, УВЧ) ва умумий даво: антибиотик ва сульфаниламид препаратлар тавсия этилади. Ёш безининг йиринглаши рўй берса, жаррохлик усули қўлланилади.