ДАЛА ҒОЗИ

ДАЛА ҒОЗИ (Anser fabalis Lathem) — ғозсимонлар туркуми ўрдаклар оиласига мансуб қушларнинг бир тури. Вазни 2,75—4,5 кг. Бошқа ғозларга нисбатан кўпроқ қуруқликка мослашган. Ерда енгил юради ва тез югуради, сувда яхши сузади ва шўнғийди. Дала ғози Евросиёнинг ҳамма ҳудудларида тарқалган. Ўзбекистонда учиб ўтиш даврида учрайди. Ғарбий Европа, Ўрта денгиз ва Қора денгиз соҳилларида ҳамда Ўрта Осиёда (Зарафшон водийсининг қуйи қисмида) қишлайди. Сув яқинидаги қуруқ жойларга, оролларга уя қуради. Уяга 3—6 (одатда 3—5 та) тухум қўяди. Тухумларни модаси тахм. 25 кун босади. Дала ғози очиб чиққан жўжаларни йиртқич қушлардан хавфсизроқ жойга кўчиради. Жўжалари 1,5 ойда учирма бўлади. Йилига бир марта туллайди. Шу даврда кўп миқдорда овланади.