ДАЛА ТАЖРИБАСИ

ДАЛА ТАЖРИБАСИ — дала шароитида и. ч. шароитларига яқинлаштириб ўтказиладиган экспериментал агрономик тадқиқот; экин етиштиришнинг барча шароитларини ҳисобга олган ҳолда тажриба майдонида ўтказилади. Бундай тажрибаларда экинларни етиштиришнинг у ёки бу омиллари ҳамда усул-амаллари ва бу омилларнинг биргаликдаги таъсири чуқур ўрганилади. Дала тажрибасида айрим омилларни батафсил ўрганиш аксарият тадқиқотнинг бошқа усуллари билан биргаликда олиб борилади. Дала тажрибаси агрономия фани ютукдарини қ. х. амалиёти б-н мустаҳкам боғлайди. Дала тажрибаси услубиёти қ. х. ишлаб чиқаришининг замонавий даражасига мос бўлиши керак. Чунки тажрибанинг илмий қиммати ва и. ч. га жорий этилиши шунга боғлиқ. Дала тажрибасида ўсимликлар ҳосили миқдорини ҳисобга олиш, тажрибада ўрганилаётган шароитлар ёки экинларга таъсир кўрсатиш усуллари билан ҳосил миқдори ва сифати ўртасидаги боғланиш аниқланиши шарт. Тажриба фенологик кузатувлар билан бирга олиб борилади.

Дала тажрибаси қисқа муддатли, кўп йиллик ва узоқ муддатли бўлиши мумкин. Қисқа муддатли тажрибалар 3 й. дан 10 й. гача, кўп йиллик тажрибалар 10—15 й., узоқ муддатли тажрибалар 50 ва ундан ортиқ йил давом этади. Куп йиллик ва узоқ муддатли бир ёки кўп омилли доимий тажрибалар экинларни етиштиришда қўлланиладиган янги технологик усулларнинг тупроқдаги сув-физикавий, кимёвий ҳамда биологик жараёнларга, тупроқ унумдорлиги, экин ҳосили ва унинг сифатига қандай таъсир курсатиши ва қандай оқибатларга олиб келишини чуқур ўрганишга имкон беради. Пайкалнинг катта-кичиклиги ва такрорийлик Дала тажрибасининг аниқлигини белгилаб берадиган муҳим омиллардир.

Суғориладиган шароитларда агротехника тажрибалари, одатда, камида 4 марта такрорийликда ўтказилади, маълумотларни математик таҳлил қилишга имкон берадиган аниқ натижалар олишга эришилади (қ. Тажриба такрорийлиги).

Loading...