ДАЛАЧОЙ

ДАЛАЧОЙ (Hypericum L.) — далачойдошлар оиласига мансуб ўт ёки чала буталардан иборат ўсимликлар туркуми. 200 га яқин тури бор, кўпчилиги Ўрта денгиз ҳудудларида ўсади. Ўзбекистонда 3 тури бор. Улар чойчўп, далачой, чойўт, қизилпойча деб юритилади. Далачой ларнинг барглари оддий, яхлит, кўпчилиги қарамақарши жойлашган. Гули — рўваксимон тўпгул, сариқ, икки жинсли. Косачабарглари кўпинча ярмисигача қўшилган. Чангчилари кўп, ўзаро туташган. Уруғчиси битта, 3—5 уяли. Меваси кўсакча. Ўзбекистоннинг адир ва тоғли худудларида Далачойнинг Н. perforatum L. деган тури кўп тарқалган. Июнь—сент. да гуллаб уруғлайди. Таркибида ошловчи моддалар, эфир мойлари ва С витамин бор. Халқ табобатида (меъда-ичак касалликларида ва қон аралаш ич кетганда) ишлатилади.

Loading...