ДАМ ОЛИШ

ДАМ ОЛИШ, ҳордиқ чиқариш — чарчоқни ёзадиган (қ. Чарчаш), кучқувватни аслига келтирадиган, иш қобилиятини тиклашга ёрдам берадиган фаолият ёки ором ҳолати. Меҳнат ва Дам олиш одамнинг ўқиш, и. ч. ва б. фаолиятлари б-н узвий боғланган. Етарли дам олмаслик — иш қобилиятининг пасайиши ва ҳатто йўқолиши, организмнинг ҳимоя кучи сусайиши, турли касалликлар пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Меҳнат ва Дам олишни тўғри ташкил этиш саломатлик ва иш қобилиятини узоқ вақт сақлаб қолишга имкон беради.

Физиологик маънода Дам олиш — фаолиятнинг алоҳида ҳолати бўлиб, бунда ишламай турган ҳужайралар ўз нормал таркибини тиклайди. Дам олишнинг аҳамиятини И. М. Сеченов ва б. физиолог олимлар исботлаб берган. Уйқу Д. о. нинг энг таъсирли тури бўлиб, уйқу пайтида биринчи навбатда мия ҳужайраларида тикланиш жараёни жадал боради. Бир хил ишдан бошқасига ўтиш, ақлий фаолиятни енгил жисмоний меҳнат билан навбатлаш чарчоқни йўқотади; бу ҳам Дам олишнинг ўзига хос тури ҳисобланади. Оғир жисмоний ёки ақлий мехнатдан кейин иш қобилиятини мумкин қадар тезроқ тиклаш учун пассив Д. о. ни (тамомила тинч ҳолатда) актив Д. о. билан навбатлаш лозим.

Дам олишнинг 3 тури (кундалик, бир ҳафталик ва йиллик Дам олиш) мавжуд. Кундалик Дам олишга иш куни давомида қисқа муддатли танаффусларда бажариладиган и. ч. гимнастикаси киради. Овқатланишга ажратилган вақтнинг бир қисмини тоза ҳавода ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Кундалик Дам олиш тиниқиб ухлаш билан якунланади. Ҳафтада 5 кун ишлаб 2 кун Дам олиш соф ҳавода узоқроқ бўлиш, спорт билан шуғулланиш имконини беради. Йиллик Дам олиш таътил давомида таъминланади. Йиллик меҳнат таътилида табиат қучоғида бўлиш, ҳаво ва қуёш ванналари организмни чиниқтиришда ниҳоятда фойдали. Оқилона Дам олиш тартиби кўпгина омиллар, хусусан, меҳнат шароитлари, кишининг ёши ва б. га қараб танланади.

Prev Article

ДАЛЯНЬ

Next Article

ДАМАН ВА ДИУ