ДАМБА

ДАМБА, кўтарма — дарё ўзани ва қайирларида сув йўлини тўсиш ёки оқим йўналишини ўзгартириш учун қуриладиган тупроқ кўтарма кўринишидаги гидротехника иншооти. Дамба босимли ва босимсиз турларга бўлинади.

Босимли ёки иҳота Дамба соқилдаги пасттекисликларни сув босишдан сақлаш учун дарё, канал, сув омбори ва ш. к. нинг қирғоқларини кўтариш (тўсувчи-ҳимоя Дамба) ва босимли гидротехника иншоотларини қирғоқ билан туташтириш (туташтирувчи Дамба) мақсадларида барпо этилади. Ўрта Осиё дарёлари тез оқиши ва ўзани тез-тез ўзгариб турганлиги сабабли аксарият қирғоқ Дамба лари баъзида қўшқават қилиб қурилади. Mac, Амударёнинг қирғоқлари тез-тез ювилиб турадиган қуйи оқимида бал. 1,5—3 м, уз. қарийб 900 км бўлган ҳимоя Дамбаси барпо этилган. Бу кўтармалар, айниқса ёзги тошқин (25—30, баъзида 45 кунгача) ва кишки музлар тиқилиб қоладиган (10—20 кун) даврларда сувнинг кучини қайтаради (қ. Дейгиш). Босимсиз Дамбалар ўзанни тартибга солиш ва тўғрилаш, сув олгич ва сув ўтказгич иншоотлар ишини яхшилаш мақсадида оқим йўналишини ўзгартириш учун қурилади. Улар сувга кўмилиши ёки кўмилмаслиги мумкин. Оқим йўналишига нисбатан жойлашишига кўра кўндаланг ёки бўйлама Дамбага бўлинади. Дамба, асосан, маҳаллий қурилиш материаллари — қум-тупроқ, тош, тупроқ, шох-шабба ва ш. к. дан барпо қилинади. Дамбалар кўпинча тош-тупроқдан ясалади, механизацияни қўллаш қулай ва қурилишни узлуксиз олиб бориш мумкин бўлгани учун бу Дамбалар нисбатан тез битади. Дамба уйма, ювма (сув оқизиб келтирган чўкиндиларни гидромеханизация воситаларини қўллаб, қирғоққа уйиш) ва комбинациялаштирилган (пастки қисми ювма ва устки қисми уйма) усулда қурилади.

Амин Муҳамедов.

Loading...