ДАНЛАР

ДАНЛАР, данияликлар (ўзларини данскере деб атайдилар) — халқ. Даниянинг асосий аҳолиси (5 млн. кишига яқин). Шунингдек, Швеция, Норвегия, Германия, АҚШ, Канада ва б. мамлакатларда яшайдилар. Умумий сони 5,6 млн. киши (1990-й. лар ўрталари). Европеоид ирқига мансуб. Дан тилида сўзлашади. Диндорлари, асосан, лютеранлар, протестантлар, католиклар ҳам бор. Кадимда Даниянинг ҳоз. ҳудудида герман қабилалари (кимврлар, ютлар, англлар, сакслар) жойлашган; 5—6-а. ларда Жан. Швециядан герман қабилаларидан бўлган данлар бостириб кирган. 6—8-а. ларда бу қабилаларда ибтидоий тузум парчаланиш жараёни содир бўлган; 10— 11-а. ларда улардан ягона дан элати вужудга келган; илк давлат тузилган. 19-а. да дан миллати шаклланган. Анъанавий машғулотлари — деҳқончилик ва чорвачилик, шунингдек, ҳунармандчиликнинг темирчилик, заргарлик, кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги, каштачилик, гилам тўқиш ва б. турлари ҳам ривожланган.

Loading...