ДАРАИ ГАЗ

ДАРАИ ГАЗ, Дерегез, Дараи Жаз — ўрта асрларда Афғонистоннинг шим. да мавжуд бўлган қад. тоғли туман ва шаҳар. Балхоб дарёси воҳасида, Балхдан 5 фарсах (1 фарсах — 6—7 км) жан. да жойлашган. 10-а. да бу тоғлар Жабал Кўҳ номи билан машҳур эди. «Дараи Газ» атамаси қадимдаги афсонавий Газистон мамлакати номидан олинган. Ривоятларга кўра, афсонавий Рустам Семурғ берган камон дастасини Исфандиёрта шу ердан туриб улоқтирган. 17-а. га оид «Субхонқулинома» асарида қам Дараи Газ тарихи афсонавий даврларга бориб тақалади. 17-а. да Дараи Газ воҳаси Айни Искандария (Искандар булоғи) номи билан машҳур катта чашма бор эди. Бу чашма яқинидаги, атрофи сув билан ўралган баландликдаги мақбарага гўё Александр (Искандар Мақдуний) дафн этилганмиш. Хитой манбаларига кўра, Дараи Газ воҳасида илк ўрта асрларда Киётчи мулки жойлашган, Сюань Цзаннинг ёзишича, унинг иқлими совук, лекин ери жуда унумдор бўлиб, ўсимлик ва мевалар оз, лекин сабзавот ва буғдой мўл-кўл эди. Аҳолиси сержаҳл ва бешафқатлилиги билан ажралиб турган. 7-а. да бу ерда 10 та будда монастири, 300 га яқин роҳиб бўлган. Ўрта асрларда Дараи Газ воҳасида шу номда бир шаҳар бор эди, кўплаб қишлоқлар унга тобе эди. 11-а. да Дараи Газ Ғазнавийлар шикоргоҳи ва ҳарбий кароргоҳи бўлиб, унда икки мингдан зиёд туркий ва ҳиндлардан иборат отлиқ қўшин урнашган. Дараи Газ воҳаси 16—17-а. ларда ҳам Балх вилояти ҳарбий кучларининг тўпланиш ери ва бош ҳарбий қароргоҳ ҳисобланиб, у ерда ҳукумат қўшинларининг доимий турар жойлари жойлашган. Бу ердаги Оқжилға яйловининг кенглиги 2 фарсахга (12—14 км) етган. Балх аҳолиси ёз фаслида шу ерда дам олган.

Ад.: Аҳмедов Б., История Балха, Т., 1982; Камалиддинов Ш. С., Историческая география Южного Согда и Тохаристана по арабоязычным источникам IX — начала XIII вв., Т., 1996.

Loading...