ДАРБАНД

ДАРБАНД — РФ нинг Доғистон Республикаси жан.-шарқидаги шаҳар. Каспий денгизи бўйидаги порт. Т. й. станцияси. Аҳолиси 82 минг киши (1992). Дарбанд — Доғистоннинг йирик саноат марказларидан бири. «Электросигнал», металл силликлаш станоклари з-длари, озиқ-овқат (жумладан вино тайёрлаш, мева консервалаш), жун йигириш ва гилам ф-калари, театр, ўлкашунослик, тарих-меъморлик музейлари бор. Д. дан Грознийга нефть қувури ўтказилган.

Дарбанд 438 й. да тог ён бағридаги тепаликка қурилган Норинқалъа ҳарбий истеҳкоми сифатида вужудга келган. Кейинроқ қалъадан денгизгача параллел қурилган 2 ноёб тош девор оралиғида шаҳар кенгая борди. Хусрав I Ануширвон 6-а. ўрталарида қурдирган бир неча дарвозали, минорали деворлар Кавказ тоғлари билан денгиз оралиғидаги камбар (3 км) йўлакни шим. ва жан. дан тўсиб турган ва ўрта асрларда муҳим ҳарбийстратегик аҳамиятга эга бўлган.

Дарбандда уйлар тошдан қурилган. Кейинроқ бозор майдонида жоме масжиди барпо қилинган. Дарбанд номи 7-а. дан бошлаб учрайди. 627 й. қалъани хазарлар эгаллаган. Шаҳар 7—9-а. ларда Араб халифалигига кирган ва мусулмон оламининг энг чекка қалъаси ҳисобланиб, Каспий денгизи соҳилидаги йирик порт шаҳар сифатида маълум бўлган. Ташқарига зиғир газлама ва рўян чиқарилган. 10-а. да султонлик пойтахти. 13-а. да мўғуллар вайрон қилган. Бу даврда шаҳар мўғулча Қаҳлаға, туркча Темир Қапиғ деб аталган. Тўхтамишхон Дарбандда ўз номидан танга зарб қилдирган. Амир Темур Тўхтамишхонга қарши урушганда ва орқага қайтишда Дарбандда бўлган (1395 — 96). Шаҳар 15-а. ўрталарида тушкунликка учраган. 1509 й. дан Эрон таркибида, 1578—1606 й. ларда Туркия таркибида бўлган; Эрон шоҳи Аббос даврида денгизда тош минора қурилган. 1722 й. да Россия босиб олган, 1735 й. да яна Эронга ўтган. 1747 й. дан Дарбанд хонлигининг пойтахти. 1765 й. дан Куба хони Фатхалининг қароргоҳи. 1796 й. Д. ни яна Россия эгаллаган, 1806 й. қайта босиб олган. Дарбанд эски ва янги (19—20-а. ларда қурилган) даҳадан иборат. Меъморий ёдгорликларидан Жоме масжиди мажмуоти (8 — 14-а. лар) ва Мадраса (15—19-а. лар), Минорали масжид (14 — 19-а. лар), Қирқлар масжиди (17-а.), қад. карвонсаройлар, равоқ гумбазли ҳаммомлар (17—18-а. лар), хон мақбараси (18-а.), Норинқалъа қолдиклари, деворнинг айрим қисмлари ва б. сақланган.

Ад.: Хан-Магомедов С. О., Дербент, М, 1958.

Абдуқаюм Абдураҳимов.

Loading...