ДАРВИНИЗМ — органик дунёнинг тарихий ривожланиши тўғрисидаги Ч. Дарвин асос солган илмий дунёқараш. Дарвин кўрсатишича, ирсий ўзгарувчанлик ва табиий танланиш эволюциянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучлари ҳисобланади. Ўзгарувчанлик организмлар тузилиши ва функциясида янги белгиларнинг ҳосил бўлишидан иборат. Ирсият орқали бу белгилар наслдан наслга ўтади. Яшаш учун кураш туфайли муҳит шароитига энг яхши мослашган белгига эга бўлган индивидлар яшаб, насл қолдиради, яъни табиий танланиш юз беради. Табиий танланиш натижасида янги турлар пайдо бўлади. Шунинг билан бирга организмларнинг ташқи муҳитга мосланиши нисбий хусусиятга эга. Дарвин ишларидан мустасно тарзда инглиз биологи А. Уоллес ҳам худди шундай фикрга келган. Дарвинизмнинг ривожланиши ва тарғиб қилинишига инглиз табиатшуноси Т. Гексли (1860 й. да «Д» терминини таклиф этган), немис олимлари Ф. Мюллер ва Э. Геккель, рус олимлари ака-ука А. О. ва В. О. Ковалевскийлар, ота-бола Н. А. ва А. Н. Северцовлар, И. И. Мечников, И. И. Шмальгаузен ва б. катта қисса қўшган. 20-а. нинг 20—30-й. ларида классик Дарвинизмнинг генетика фани ютуқлари б-н уйғунлаштирилиши туфайли синтетик эволюцион таълимот шакллана бошлади. Дарвинизм яхлит таълимот сифатида биол. да революцион бурилиш ясади; креационизм, витализм ва ламаркизмга зарба берди; 19-а. нинг иккинчи ярмида табиий ва ижтимоий фанлар ва умуман маданиятнинг ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Шунга қарамасдан Дарвин тириклигидаёқ эволюцияда табиий танланишни инкор этувчи ёки унинг таъсирини чеклашга ҳаракат қилувчи турли оқимлар пайдо бўла бошлади. Эволюциянинг асосий муаммолари бўйича баҳслар за-монавий биол. фанида ҳам давом этиб келмоқда.