ДАРВИШАЛИ ЧАНГИЙ (тўла исми: Дарвиш Алийи Чангий ал-Хоқоний ибн Мирзо Али Чангий ибн Абдулали Қонуний ибн Хўжа Абдулло Муҳаммад Марварид; 16-а., Ҳирот — 17-а. нинг 20-й. лари, Бухоро) — мусиқашунос, бастакор, созанда, ҳофиз ва шоир. Ёшлигидан мусиқага қизиқиб, Хожагий Жаъфар Қонуний, Али Дўст Нойи, Амир Масти Қобузий, Хасан Кавкабийлардан таълим олган. Мовароуннахр ва Хуросон маданий марказлари (Бухоро, Балх, Андижон, Кеш, Самарқанд каби шаҳарлар)да яшаб ижод килган. Шеърларини Чангий тахаллуси билан ёзган. Бир қанча қасида, ғазал, рубоийлари ва «Рисолаи мусикий» асарлари бизгача етиб келган. «Рисолаи мусиқий»нинг 1-нусхаси, 1572; 2-нусхаси «Туҳфатус-сурур» («Шодлик армуғони») номи билан ҳам машҳур, тахм. 1611, Ўзбекистон ФА Шарқшунослик интида сақланади, инв. №№ 449, 468. Мазкур рисола 16—17-а. лар мусиқа маданиятининг асосий манбаи сифатида катта илмий аҳамиятга эга. Форс тилидаги 12 бобдан иборат бу қўлёзма Жомий ва Кавкабий рисолалари ҳамда Ҳусайн Охун, Имом Кулий Удий, Зайтун Ғижжакий каби мусиқа устодларининг асарларидан тўпланган маълумотлар асосида ёзилган. Муаллиф Амир Хусрав Деҳлавийнчиг мусиқий қарашларини ҳам ўз асарига киритган. Унда 16 — 17-а. лардаги мусиқа ҳаёти, бастакорлик санъати, мусиқа созлари, мусиқий-назарий (Ўн икки мақом, ийқоъ ва б.) ва ижрочилик масалалари ўзининг ифодасини топган. Рисоланинг тарихий боблари адабий тазкиралар услубида ёзилиб, Мовароуннаҳр ва Хуросон мусиқа арбобларининг таржимаи ҳоли, афсонавий ва тарихий шахслар (подшоҳ Баҳром ва Дилором Чангийдан бошлаб, Фирдавсий, Рудакий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, султон Ҳусайн Бойқаро ва ўзининг ҳамасрлари)га бағишланган. Дарвишали Чангий улуғ бастакор сифатида нақш, амал, савт, пешрав шаклидаги куйлар яратган.
Ад.: Семёнов А. А., Среднеазиатский трактат по музыке Дервиша Али (XVII в.), Т., 1946.
Дилбар Рашидова.