ДАШТИ ҚИПЧОҚ

ДАШТИ ҚИПЧОҚ, Қипчоқ дашти — Сирдарёнинг юқори оқими ва Тяньшаннинг ғарбий ён бағридан Днепр дарёсининг қуйи оқимига қадар ёйилган даштларни 11 — 15-а. ларга оид араб ва форс манбаларидаги номи. «Дашти Қипчоқ» атамасини дастлаб Носир Хисрав (11-а.) қўллаган. Бу даврда қипчоқлар Иртиш дарёси соҳилларидан ғарбга томон кўчиб (1030 й.) Хоразмга қўшни бўлишган ва ҳоз. Қозоғистон ҳудуди, шунингдек, жан.-рус даштларини эгаллашган. Дашти Қипчоқ аҳолиси шарқ манбаларида — қипчоклар, рус солно-маларида — половецлар, Византия хроникаларида — куманлар, венгер манбаларида кунлар деб аталган. Дашти Қипчоқ 2 қисм — Шарқий ва Ғарбий қисмдан иборат бўлиб, Ёйиқ (Урал) дарёси уларнинг чегараси саналган. Ғарбий қисм Ёйиқ ва Итил (Волга) дарёсидан то Днепргача бўлган ҳудуддан иборат бўлган. 13-а. да Дашти Қипчоқни мўғуллар босиб олиб, тарихда Жўжи улуси номи билан машҳур Олтин Ўрда давлатини барпо этганлар. 14-а. бошларида Жўжи улуси 2 қисмга бўлиниб кетган. Дашти Қипчоқнинг шарқий қисмида Оқ Ўрда ташкил топган. Дашти Қипчоқнинг ғарбий қисми рус йилномаларида «Половецлар ери» номи билан учрайди. 14-а. 60-й. ларидан шарқий Дашти Қипчоқ «Ўзбеклар мамлакати», унинг аҳолиси эса «ўзбеклар» деб атала бошланди. 15-а. нинг 20-й. дан бошлаб шарқий Дашти Қипчоқда Абулхайрхон ва унинг қариндош-уруғлари ҳукмронлик қилган. Дашти Қипчоқнинг асосий ахолией кўчманчи ва ярим ўтроқ бўлиб, чорвачилик ва овчилик, дарё ва кўл ёқаларида яшаган аҳоли деҳқончилик, шаҳарлари (Сарой Боту, Сарой Берка, Ўрда Бозор, Сиғноқ, Арқуқ) даги аҳоли эса ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланган. 16—18а. ларда Мовароуннаҳр тарихшунослигида «Дашти Қипчоқ» атамаси унинг шарқий қисми (ҳоз. Қозоғистон) ни англатган.

Ад.: Кляшторный С. Г., Султанов Г. И., Казахстан. Летопись трёх тысячелетий, Алма-Ата, 1992; Мурад Аджи, Полын половецкого поля. М., 1994.

Loading...