ДАВАН

ДАВАН (хитойча Даюаньдан олинган) — Фарғона водийсидаги қад. давлат. Мил. ав. 2—1-а. лардаги Хитой манбаларида кенг, обод, бой мамлакат — Д. ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Даван шаҳар ва воҳа ҳокимларининг эркин иттифоқидан иборат давлат эди. Улуғ ҳукмдор қароргоҳи Гушан (ҳоз. Ўзган ш. деб тахмин этилади)да бўлган. Подшо қокимияти қабила зодагонларидан иборат оқсоқоллар кенгаши томонидан чеклаб қўйилган. Олий кенгаш қукмдорни подшоликдан тушириши, ҳатто ўлим жазосига ҳукм қилиши мумкин бўлган. Даван атамаси тарихий адабиётларда мил. 3-а. гача учрайди. Сўнгра Даван ўрнига «Бохань» ва «Полона» (мил. 5-а.) атамалари учраб муаррихлар ушбу атамалар қад. Даванга мое келади деб қайд этиб ўтганлар. Хитойликлар Даван деб номи тохарлар (Taxwar) билан боғлиқ бўлган мамлакатни аташган деган фикр бор.

Мил. ав. 2-а. охиридаги маълумотларга кўра, Даван аҳолиси 300 минг кишини ташкил қилган, Даван ликлар кўзлари киртайган, қалин соқолли халқ бўлиб, савдо-сотиқ ишларида моҳирликлари б-н ном чиқаришган. Даванда хотин-қизлар иззат-икром қилинган. Даванда етиштирилган «осмон тулпорлари» — арғумоқлар Шаркда машҳур бўлган. Мил. ав. 104— 101 й. ларда Хитой аскарлари Даванга икки бор ҳужум қилганлар. 1-ҳужум Хитой аскарларининг мағлубияти билан тамом бўлган, чунки улар истеҳкомга айлантирилган қишлоқларнинг қаршилигини синдириш учун ожизлик қилганлар. Хитойликлар 60 минг кишилик катта қўшин б-н иккинчи марта ҳужум қилиб, 101 й. да Эрши ш. ни қамал этишган (қ. Эрши мудофааси).

Prev Article

ЧҲАТТИСГАРҲ

Next Article

ДАВАО