ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИ

ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИ — давлатнинг қуруқлик ва сувдаги доирасини белгилайдиган чизиқ. Бу чизиқ устидан ўтадиган вертикал сатҳ шу давлатнинг хаво чегараси ҳисобланади. Халқаро хуқуққа биноан қушни давлатлар ўртасидаги Давлат чегараси шартнома тартибида белгиланади. Давлат чегарасини белгилаш 2 босқичда амалга оширилади: чегарани делимитация қилиш (Д. ч. йўналишини белгилаш ва уни шартномага илова қилинадиган харитага тушириш) ва чегарани демаркация қилиш (чегара белгилари ёрдамида жойда чегарани белгилаш).

Ўзбекистон Республикаси Д. ч. ни белгилаш, ўзгартириш, ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасидаги муносабатлар «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги қонун (1999 й. 20 авг.) билан тартибга солинади. 2000 й. 1 янв. дан кучга кирган ана шу қонунга кура, Давлат чегарасини белгилаш ва ўзгартириш ЎзРнинг халқаро шартномаларига асосан ЎзР Олий Мажлиси томонидан амалга оширилади. Давлат чегараси жойларда аник, кўриниб турадиган чегара белгилари б-н кўрсатиб қўйилади. Чегара белгиларининг шакллари, ўлчамлари ва уларни ўрнатиш тартиби қонун ҳужжатлари ҳамда ЎзРнинг халқаро шартномалари б-н белгиланади. Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк ва ҳайвонларни ўтказиш белгиланган ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилади. Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона назорати ва назоратнинг бошқа турларини амалга оширувчи ҳудудлар белгиланади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган қўшимча режим қоидалари жорий этилади. Давлат чегараси режимини таъминлаш учун чегара олди зонаси ва чегара олди минтақаси белгиланади. Чегара олди зонаси — Д. ч. га туташ ҳудуднинг бир қисми бўлиб, у Д. ч. га туташ туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ, овул ҳудуди доирасида белгиланади. Чегара олди минтақаси — чегара олди зонасининг Давлат чегараси чизиғига бевосита туташ қисми бўлиб, у бевосита Давлат чегараси бўйлаб, унинг куруклик участкаларида ёки чегара бўйи дарёлари, кўллари ва б. сув ҳавзалари қирғоғи бўйлаб ўтказилади. Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш бўйича махсус ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитадир. Давлат чегараси режимига риоя этилишига доир масалаларни ҳал қилиш, чегара низоларини тартибга солиш мақсадида Давлат чегарасининг муайян участкаларига мазкур қўмитанинг раиси ЎзРнинг чегара вакилларини тайинлайди.

Шоенбек Каримбоев.

Loading...