ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВАКИЛЛИК ОРГАНЛАРИ

ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВАКИЛЛИК ОРГАНЛАРИ — фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокининг вакиллик шакли. Давлат ҳокимияти вакиллик органлари вакиллик хусусияти уларнинг сайлов йўли билан ташкил этилиши, масалалар жамоа томонидан эркин муҳокама асосида ҳал қилинишидан, ошкораликдан, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, улар сайлайдиган, тасдиқлайдиган ёки тайинлайдиган мансабдор шахслар вакиллик органи олдида масъул бўлишидан ва ҳисоб бериб туришидан, қонунийликдан, фуқароларни давлат ишларини бошқариш ишига кенг кўламда жалб этишидан, жамоатчилик фикрини доимо ҳисобга олишидан иборат. Ўзбекистон Республикасида Давлат ҳокимияти вакиллик органлари таркибига олий вакиллик органи — Олий Мажлис ва маҳаллий вакиллик органлари — ҳоким бошчилик қиладиган вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари киради.

Олий Мажлис фуқаролар томонидан ҳудудий сайлов округлари бўйича кўп партияли сайлов асосида 5 й. муддатга сайланадиган 250 нафар депутатдан иборат. 18 ёшга етган фуқаролар Олий Мажлисга сайлаш, 25 ёшга етган фуқаролар сайланиш ҳуқуқига эга. Депутатлар ўз сайловчиларининг, депутатликка номзод қилиб кўрсатган тегишли сиёсий партия ёки Давлат ҳокимияти вакиллик органларининг вакили ҳисобланади. Олий Мажлиснинг ҳуқуқий мақоми ЎзР Конституцияси 5-бўлим 18-бобида, Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлис тўғрисидаги конституциявий қонунида (1994 й 22 сент.) ва Олий Мажлис регламента да белгилаб берилган.

Маҳаллий вакиллик органларига депутатлар 5 й. муддатга 18 ва ундан юқори ёшдаги фуқаролар томонидан сайланади, сайланиш ҳуқуқи 21 ва ундан юқори ёш қилиб белгиланган. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда ваколатлари ЎзР Конституцияси 5-бўлим 21-бобида ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунда (1993 й. 2 сент.) белгиланган (яна қ. Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси).

Loading...