ДАВЛАТ КАПИТАЛИЗМИ

ДАВЛАТ КАПИТАЛИЗМИдавлат (ёки давлатлар бирлашмаси) аралашадиган, давлатлаштирилган, давлат томонидан бошқариладиган ва тартибланадиган, давлат ҳомийлиги ва назоратида, давлат белгилайдиган йўналишларда ривожланадиган капитализм. Тарихан Давлат капитализмини шартли равишда ривожланган мамлакатлардаги Давлат капитализми ; тарихан муайян социалистик мамлакатларнинг капитализмдан социализмга ўтиш давридаги Давлат капитализми ; ҳоз. бир неча социалистик мамлакатлардаги Давлат капитализми ; постсоциалистик мамлакатлардаги, яъни Шарқий Европа ва собиқ СССРда социализмнинг инқирози натижасида социализмдан воз кечган ва бозор иқтисодига ўтаётган мамлакатлардаги Давлат капитализми ; мустамлакачилик асоратидан озод бўлган, ривожланаётган мамлакатлардаги Давлат капитализми каби турларга ажратиш мумкин.

Давлат томонидан иқтисодиётнинг бошқарилиши корхоналарни бевосита рўйхатга олиш, фаолиятини йўналтириш, иқтисодий қонунчилик орқали уларнинг иқтисодий ҳуқуқларини ва фаолият меъёрларини белгилаб қўйиш, белгиланган тартиб-қоидаларнинг бажарилиши, уларга риоя қилинишини назорат қилиш, рағбатлантириш ва жазо чораларини қўллаш, солиқлар, жарималар ва иқтисодий имтиёз кабилардан фойдаланиш, турли ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-иқтисодий дастурлар тузиш, уларни бажариш бўйича тадбирлар кўриш орқали амалга оширилади.

18-а. ва 19-а. нинг 70-й. ларигача хорижий мамлакатларда якка хусусий капитал, ёлланма меҳнат ва эркин рақобатга асосланган соҳибкорлик ҳукмрон бўлиб, давлатнинг иқтисодиётга аралашуви жуда паст даражада эди. Соҳибкорлар фаолияти асосан бозор томондан бошқарилар эди. Шунинг учун ҳам бу давр оддий, соф, эркин ракрбатга асосланган капитализм деб аталади. Бундай шароитда Давлат капитализмининг энг оддий кўринишлари вужудга кела бошлаган эди. У. чар мустақил хўжаликларнинг и. ч. ва тижоратчилик фаолиятини химоялаш (протекционизм), назоратга олиш ва тартиблаш (давлат буюртмалари бериш, товарларни марказлашган тарзда харид қилиш ва б.) тарзида рўй бера бошлади.

19-а. охири ва 20-а. бошларида корпоратив мулкчилик, корпорациялар (акцияли жамиятлар) ва корпоратив хўжалик юритиш ҳукмрон мавқега эга бўлди. Корпорацияларнинг бир қисми монополияларга айлана бориб, эркин рақобат билан бир қаторда монополистик рақобат пайдо бўлди. Давлатлараро зиддиятлар кучайиб, уларда монополияларнинг кучи ва аҳамияти муҳим роль ўйнай бошлади. Бу жараёнларни тахдил этган олимлар, капитализмнинг янги жиҳатларига аҳамият бериб, уни империализм, корпоратив капитализм, монополистик капитализм деб ҳам атай бошладилар.

20-а. нинг 1-ярмида монополиялар ва монополистик жараёнларнинг ижобий томонлари билан бирга, салбий томонлари ва оқибатлари ҳам кўрина бошлади. Ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий қарамақаршиликлар аста-секин кучайди, иқтисодий инқирозлар анча тезлашди ва чуқурлашди ҳамда давлатлараро зиддиятлар ҳам кучайиб 1 – ва 2-жаҳон урушлари юз берди. Буларнинг ҳаммаси давлатнинг иқтисодиётга аралашувини, иқтисодиётнинг давлатлаштирилишини, давлат иқтисодиётининг шаклланишини ва бутун иқтисодиётнинг давлат томонидан умуммиллий манфаатларга мувофиқ бошқарилишини ва тартибланишини тақозо эта бошлади. Шу сабабли «капиталистик и. ч. ни давлатлаштириш» тенденцияси кучайди. Саноатнинг муҳим тармоклари давлат қўлига ва назоратига ўтди. Давлатлар иқтисодиётни ҳисобга олиш ва назорат этиш бўйича марказлашган аппаратни вужудга келтира бошлади.

Инглиз иқтисодчиси Ж. М. Кейнс «Иш билан бандлик, фоиз ва пулнинг умумий назарияси» (1936) китобида давлатнинг иқтисодиётни бошқариши зарурлиги тўғрисидаги ғояни илгари сурди ва асослади. Бу ғоянинг ҳаётга таъсири жуда катта бўлди. АҚШда 30-й. лардаёқ Президент Рузвельтнинг «Янги йўл» сиёсати натижасида, бошқа мамлакатларда 2-жаҳон уруши йилларида ва ундан кейинги даврда капитализм Давлат капитализмига айланди ва шундан бери турли кўринишларга эга бўлган Давлат капитализми сифатида ривожланмоқда.

Давлат капитализми шароитида бозорнинг мавкеи, роли ўз аҳамиятини йўқотмайди; узлуксиз такомиллашиб, тобора инсоний ва маданий-маърифий тус олиб боради. Шу билан бирга бозор капиталистик иқтисодиётнинг барча муаммоларини ҳал эта олмади ва ҳатто, унинг салбий томонлари ҳам намоён бўлди. Шу сабабларга кўра капитал ва ёлланма меҳнатга асосланган иқтисодиётни бозор, давлат ва корпорациялар ўзаро биргаликда бошқаради ва ривожлантиради. Давлат бозорни хам, корпорациялар фаолиятларини ҳам, жаҳоншумул жараёнларни ҳам бошқариш ва тартиблашга интилади. Буларнинг ҳаммаси ривожланган мамлакатларда Давлат капитализми мавжудлигидан далолат беради.

Ривожланган мамлакатлардаги Давлат капитализми эркин рақобатли капитализмга нисбатан катта фарқларга эга. Давлат капитализмига хос бўлган товарли-бозорли аралаш иқтисодиётта давлатнинг таъсири миқёси жуда кенг ва кучлидир.

Давлат капитализмининг ҳаракатланиши ва ривожланишида иқтисодиётга оид қонунчилик муҳим ўрин тутади. Мас, мулкий муносабатларни, иш берувчилар ва ёлланиб ишловчилар ўртасидаги муносабатларни, хўжалик фаолиятини, и. ч., савдо, хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, таълим каби соҳалар фаолияти, банк иши, меҳнатга ҳақ тўлаш, харажатлар ва даромадларни ҳисоблаш, солиққа тортиш ва солиқ ундириш, бозорда истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоялаш кабиларни тартиблаш ва назорат қилиш ҳамда монополистик фаолиятни тақиклаш ёки чеклашга қаратилган қонунлар қабул қилинган ва улар такомиллаштирилмоқда.

Давлат капитализмига хос муҳим жараён — даромадлар ва бойликларни ижтимоий тотувликни яхшилаш учун кам даромадлилар ва даромадсизлар, камбағаллар ва мулксизлар фойдасига ҳамда иқтисодиётни мувозанатли ривожлантириш мақсадларида қайта тақсимлашдир. Шу сабабли давлатлар ялпи ички махсулотнинг анчагина қисмини солиқлар воситасида давлат бюджетига олиб, қайта тақсимлайди, камбағал, кам таъминланган ва таъминланмаган кишиларга трансферт тўловлари — ижтимоий таъминот бўйича маблағлар (нафақалар, ёрдам пуллари) беради.

Солиқлар орқали олинган давлат даромадларининг бир қисми ҳисобига корхоналар қуриш ҳамда хусусий корхоналарни миллийлаштириш орқали и. ч., транспорт, энергетика каби соҳаларда давлат мулки вужудга келтирилди ва ривожлантирилди. Шу билан бирга баъзи мамлакатларда давлат мулкини қайта хусусийлаштириш йўли билан иқтисодиёт самарадорлигини оширишга қаратилган сиёсат ҳам амалга оширилмоқда. Энг муҳим тармокларда ва муайян кўламларда давлат мулкининг бўлиши объектив зарурдир; ундан самарали фойдаланиш йўлларининг изланиши ва такомиллаштирилиши умуммиллий эҳтиёж ва мақсадларга мувофиқ келади.

Давлат томонидан қилинадиган бевосита инвестициялар ижтимоий и. ч. ва миллий маҳсулот таркибларини ўзгартиришда давлатнинг кредит сиёсати, давлат томонидан маҳсулот (товарлар) харид қилиниши ва пуллик хизматлар истеъмол қилиниши, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва таъминлаш ривожланган мамлакатлардаги Давлат капитализмининг энг муҳим вазифалари ва долзарб муаммолари ҳисобланади.

Ривожланган мамлакатлардаги давлатнинг жуда муҳим вазифаларидан бири иқтисодиётни барқарорлаштириш, иқтисодий-молиявий инқирозларнинг олдини олиш, улардан чиқиш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш бўйича чоратадбирлар кўришдир. Давлат бошқа мамлакатлар хўжаликлари билан иқтисодий, савдо ва тўлов балансларини назорат қилади, уларни мувофиқлаштиришга ва фаоллаштиришга ҳаракат қилади. Буларнинг ҳаммаси миллий иқтисодиётнинг барқарорлиги, ривожланишига жиддий таъсир кўрсатади.

Ривожланган хорижий мамлакатлардаги давлатларнинг тобора кўпроқ инсон ва бутун халқ манфаатдорлгини кўзлайдиган ҳамда аҳолининг мутлақ кўпчилиги кўллаб-қувватлайдиган давлатларга айлана бориши, келажакда бу мамлакатлардаги жамиятларнинг, ижтимоий-иқтисодий тузумларнинг умум-демократик ижтимоий жамиятга айланиши кузатилмоқда.

Евросиёдаги собиқ СССР, Марказий ва Шарқий Европада тарихан мавжуд бўлган социалистик мамлакатлар, Осиёдаги собиқ Мўғулистонда капитализмдан социализмга ўтиш даврида ҳал қилувчи тармоклардаги и. ч., транспорт ва меҳнат воситалари социалистик давлат мулкига айлантирилган бўлиб, Давлат капитализми, алоҳида уклад, хўжалик шакли тарзида мавжуд эди.

Бошқа социалистик мамлакатлардаги Давлат капитализми хўжаликлари бирмунча кенгроқ иқтисодий эркинликка эга бўлган эди. Бироқ социалистик хўжалик мустаҳкамланиб олгандан кейин уларнинг деярли ҳаммасида Давлат капитализмига барҳам берилди. Бундай қол Шарқий Европада ва СССРда социализмнинг қулашигача давом этди.

Ҳоз. даврда ўзини социалистик ҳисоблаб келаётган мамлакатлар — Хитой Халқ Республикаси, Вьетнам Социалистик Республикаси, Корея Халқ Демократик Республикаси ва Куба Республикасида иқтисодиёт асосан умумлашган мулкчиликка, марказдан бошқаришга ва режалаштиришга асосланган иқтисодиёт бўлиб қолмоқда. Бироқ уларнинг баъзилари (Хитой, Вьетнам) да жиддий иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда, бозор иқтисодиётини ҳам шакллантириш сиёсати ўтказилмоқда; мамлакат иқтисодиётида, айниқса, эркин иқтисодий зоналарда, давлат назоратида хусусий ва хорижий капитал фаолиятига, капитал, ёлланма меҳнат муносабатларига эркинлик берилмоқда. Натижада уларда Давлат капитализмининг кўлами ва иқтисодий ҳаётга таъсири ўсмоқда.

Бозор иқтисодга ўтаётган собиқ социалистик мамлакатларга хорижий товарлар ва капиталлар жуда эркин, тез кириб келмоқда, баъзи тармоқларда ва бозорларда катта ҳукмрон мавқеларга эга бўлмоқда. Козоғистонда ҳам қатор муҳим з-длар, ф-калар, конлар, ерлар хорижий капитал мулкига айланиб кетди; қўшма корхоналар анча кўпайди.

Мустақилликка эришиб социализмдан воз кечган собиқ социалистик давлатларнинг баъзилари, мас, Ўзбекистан мустақил тараққиётнинг ўзига хос йўлини танлаб олди. Ўзбекистонда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган жамият қуриш йўли, бозор иқтисодиётини босқичмабосқич тарзда шакллантириш йўли танланди. Давлат бош ислоҳотчи сифатида умуминсоний ва миллий қадриятларга асосланган тамоман янги умумдемократик жамият қуриш сиёсатини изчиллик б-н амалга оширмоқда, кўп укладли ва бозор хўжалиги тизимини шакллантириш учун зарур барча чоратадбирларни кўрмоқда. Натижада хорижий капитал иштирокидаги қўшма корхоналар, савдо ташкилотлари, банклар ва ҳ. к. шаклланди, халқаро иқтисодий ва молиявий ташкилотларнинг ваколатхоналари очилди. Пировардида Ўзбекистонда ўзига хос Давлат капитализми уклади вужудга келди.

Кам ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардаги Давлат капитализми миллий давлат томонидан ҳимояланиб, фаолияти тартибланиб турадиган миллий капитализмдан ҳамда миллий давлат белгилаган шартшароитларда ёки давлатлараро келишувларга асосланиб концессиялар олиш, ўз корхоналарини қуриш ва қўшма корхоналарда иштирок этиш йўли билан миллий иқтисодиётга кириб келган хорижий капитал ва қўшма капиталга асосланган тизимдир.

Ривожланаётган мамлакатлардаги Давлат капитализмининг асосий ва бош мақсади — миллий иқтисодиётни юксалтириш. Ривожланаётган мамлакатлар давлатлари фаолияти, уларнинг ички ва ташқи сиёсати Давлат капитализмини тез ривожлантиришга қаратилган; бунга эришмоқ учун хорижий капиталдан ва халқаро иқтисодий муносабатлардан кенгроқ фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Ривожланган давлатлар ва трансмиллий корпорациялар кам ривожланаётган мамлакатларни хом ашё базаси сифатида сақлаб қолишга интилмоқда, хом ашёни қайта ишлаш билан боғлиқ ифлос ва сермеҳнат и. ч. ни нисбатан паст иш ҳақи тўлаб, худди шу кам ривожланган мамлакатларга жойлаштиришга уринмоқдалар.

Эрлис Алиқулов.

Loading...