ДАВЛАТ МУЛКИ

ДАВЛАТ МУЛКИ — мулкчилик шаклларидан бири, давлатга қарашли ва унинг уз вазифаларини бажариши учун зарур барча мол-мулклар ва мулкий ҳуқуклар. Давлат мулки тушунчаси «давлат» тушунчаси билан узвий боғланган бўлиб, улар доимо бир-бирини тақозо этиб келади. Ўтмишда Давлат мулки асосан босқинчилик урушлари хисобига кўпайиб борди. Давлат мулки таркибига иморатлар ва ердан ташқари озиқовқат маҳсулотлари, от-улов воситалари, ем ва б. ҳам кирган. Капитализм даврига келиб турли соҳалар (пул муомаласи, бандлик, ташқи савдо, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоялаш, маданият, таълимни ривожлантириш ва б.)да давлат бошқарувчилик вазифасини бажара бошлади. Шунга боғлиқ хрлда Давлат мулки ҳам мактаблар, касалхоналар, пул-кредит муассасалари, элчихоналар ва б. ҳисобига ортиб борди. Ҳоз. ривожланган мамлакатларда давлатга қарашли корхоналар улуши турличадир. Мас, АҚШ, Японияда бу миқдор жуда кам (2% атрофида). Европада ялпи ички маҳсулотнинг 10%дан (Германия) 30%гача (Австрия) бўлган улушини давлат корхоналари ишлаб чиқаради. Уларда 4%дан (Буюк Британия) 20 — 25%гача (Австрия, Греция, Франция) иш кучи банд. Давлат корхоналари иқтисодиётда ялпи капитал қўйилмаларининг (Германия, Буюк Британияда) 1/6 қисмини, Францияда 1/3, Австрияда 1/2 қисмини амалга оширади. АҚШда экиладиган ерларнинг 1/3 қисми федерал ҳукумат мулкига киради.

Жаҳон тажрибасида Давлат мулки асосан икки йўл билан пайдо бўлади: давлат бюджет воситалари ҳисобига мол-мулк объектлари ёки давлат корхоналарини барпо этади; давлат хусусий мулкчилик эгалигида бўлган мол-мулкни қисман ёки тўлалигича миллийлаштириш (национализация)ни амалга оширади. Давлат корхоналари мулки шу тартибда давлат бюджети воситалари ҳисобидан бутун иқтисодиётнинг фаолият курсатиши учун зарур булган серхаражат инфратузилма корхоналари (коммунал хўжалиги, энергетика, транспорт, алоқа)ни барпо этиш, илмий-техника прогресси билан боғлиқ айрим капиталталаб тармоқлар (электроника, авиация)ни ривожлантириш, зарар куриб ишлаётган корхоналарни (мас, кумир саноати корхоналари)ни миллийлаштириш ва б. йули билан шаклланади.

Ўзбекистонда Октябрь тунтаришидан бошлаб 20-а. нинг 90-й. лар бошигача — Республика мустақилликка эришгунга қадар шахсий ва кооператив мулкдан ташқари барча мол-мулк Давлат мулки ҳисобланар эди. Мустақилликдан сўнг мулкчиликнинг ҳамма шакллари — Д. м., аралаш мулк, қўшма корхоналар мулки, жамоа мулки, акциядорлик мулки ва б. нинг дахлсизлиги ва уларнинг ривожланиши учун тенг шароит яратиш қонун йўли билан мустаҳкамланди. Шунга кўра мулкчилик муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, шунингдек, 1990 й. 31 окт. да кучга кирган «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги қонун ҳамда бир қатор қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган бўлди. Ўзбекистон Республикасида Давлат мулки таркиби, турлари қатъий белгилаб қўйилди. Иқтисодий ислоҳотларнинг етакчи бўғини тарзида мулкни давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштириш йўналиши танланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки республика мулки ва маъмурий-худудий тузилмалар мулкидан ташкил топади. Республика мулкига (ер, ер ости бойликлари, ички сувлар, мамлакат ҳудуди доирасидаги хаво ҳавзаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, республика ҳокимият ва идора органлари мол-мулки, республика халқларининг маданий ва тарихий бойликлари, республика бюджети маблағлари, олтин захираси, валюта фонди ва б. давлат фондлари, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги мулки, давлатнинг бюджет ёки бошқа маблағлари эвазига яратилган ёки сотиб олинган корхоналар, ташкилотлар, ўқув, илмий, и. т. муассасалари, шунингдек, интеллектуал фаолият натижалари ва б. киради. Маъмурий – ҳудудий тузилмалар мулки (коммунал мулк) маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари мулки, коммунал уй-жой фонди ва коммунал хўжалиги корхоналари, маҳаллий бюджет маблағлари, маданият, соғлиқни саклаш, халқ таълими муассасалари ва б. дан иборат. Ўзбекистонда Давлат мулкига бўлган мулкчилик ҳуқуқини халқ номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва улар ваколат берган марказий давлат идоралари (вазирликлар) ҳамда маҳаллий ҳокимият идоралари амалга оширадилар. Абдулла Абдуқодиров.