ДАВЛАТ САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИЯ НАЗОРАТИ

ДАВЛАТ САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИЯ НАЗОРАТИ (ЎзРда) – давлат санитария-эпидемиология назоратини амалга оширадиган тиббий-профилактик муассаса. Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 93-моддаси 21-бандига мувофиқ ташкил этиладиган Давлат назорати ташкилотлари туркумига киради. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат санитария-эпидемиология назорати департаментига бўйсунади. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги қонунга (1992 й. 3 июль) асосан Давлат санитария-эпидемиология назорати санитария қонунлари, қоида ва меъёрлари бузилишининг олдини олиш, аниклаш ва уларга чек қўйишга қаратилган. Ҳоз. республика, вилоят, туман ва шаҳар Д. с. э. н. марказлари фаолият кўрсатади. Республика Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ва «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси тизимида ҳам Давлат санитария-эпидемиология назорати мавжуд. Давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари маъмурий ҳудудларда санитарияга оид ва эпидемияга қарши кураш тадбирларининг ўтказилишини таъминлайди, мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар давлат, қўшма, жамоа ва хусусий корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ҳамда якка тартибда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар томонидан санитария-гигиена нормаларига риоя қилиниши устидан Давлат санитария-эпидемиология назоратини амалга оширади ва санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш бўйича тегишли таклифларни тайёрлайди.

Loading...