ДАВЛАТ СИРИ

ДАВЛАТ СИРИ — ошкор этилиши тақиқланган, давлат аҳамиятига эга бўлган маълумотлар. Улар махсус рўйхатлар билан белгилаб қўйилади. Давлат сири давлат, ҳарбий ва хизмат сирига бўлинади. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида» қонуни (1993 й. 7 май)га кўра, ошкор этилиши республика ҳарбий-иқтисодий имкониятларининг сифат ҳолатига салбий таъсир этиши ёки ЎзРнинг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги, иқтисодий ва сиёсий манфаатлари учун бошқа оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган маълумотлар давлат сирини ташкил этади; ошкор этилиши ЎзРнинг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги ва Қуролли Кучлари учун оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳарбий хусусиятга эга маълумотлар ҳарбий сир ни ташкил этади; ошкор этилиши ЎзР манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган фан, техника, и. ч. ва бошқарув соҳасига доир маълумотлар хизмат сирини ташкил этади. Давлат сирини сақлаш бўйича масъулият давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмаларнинг раҳбарлари зиммасига юклатилади. Ўзбекистон Республикасининг ЖКда Давлат сири ларини ошкор қилганлик ёки ўзгага берганлик, Давлат сири ёки ҳарбий сир ҳисобланган ҳужжатларни, шунингдек, ашё ёки моддаларни йўқотганлик учун жазо белгиланган. Бу хилдаги жиноятлар жосуслик ва давлатга қарши жиноятлардан фарқли равишда кўпинча эҳтиётсизлик, ҳужжатларни сақлаш қоидаларига риоя этмаслик оқибатида содир қилинади. Давлат сирини ошкор қилиш, Давлат сири ёки ҳарбий сир ҳисобланган хужжатларни йўқотиш оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, жазо кучайтирилади.

Loading...