ДАВЛАТ ТИЛИ — муайян мамлакатда қонун чиқариш, ижроия ва суд ҳокимиятларида иш юритиш учун расмий белгиланган тил. Одатда, кўп миллатли мамлакатларда, мас, Ҳиндистон, Канада, Швейцарияда қайси тил ёки тиллар расмий эканлиги конституцияларида белгилаб қўйилган. Давлатларнинг кўпчилигида расмий тил билан Давлат тили айнан бир хилдир. Фақат айрим мамлакатлардагина расмий тил мақоми Давлат тили мақомидан фарқланади. Мас, Швейцарияда конституцияга биноан немис, француз, итальян тиллари — расмий тил; немис, француз, итальян ва ретороман тиллари — Д. т. саналади.
Ўзбекистонда шўролар ҳукмронлиги пайтида Давлат тили ҳақида умуман гапириш ҳам мумкин бўлмаган, аксинча ўзбек тилининг ижтимоий хдётда қўлланилиши тобора чекланиб қолганди. Жамиятни қайта қуриш маънавий покланишни бошлаб берди. Унинг натижаси ўлароқ «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинди (1989 й. 21 окт.). Бу қонун ўзбек халқи миллий онгининг ривожланишида, мамлакат мустақиллиги мустаҳкамланишида, маданий мероснинг тикланишида муҳим роль ўйнади. Мазкур қонун қоидалари Ўзбекистон Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилди. Конституциянинг 4-моддасига биноан Ўзбекистонда Давлат тили — ўзбек тилидир. Қорақалпоғистонда бундай мақом қорақалпоқ тилига ҳам берилган. Мамлакатда юз бераётган реал жараёнлар ва имкониятларни ҳисобга олиб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини узил-кесил жорий этишни босқичма босқич амалга ошириб бориш вазифаси тил ислоҳоти билан боғлиқ масалаларга зарур тузатишлар киритиш эҳтиёжини туғдирди, республика ҳали собиқ Иттифоқ таркибида бўлган ва маданий-маънавий соҳада ўзига хосликни мустаҳкамлашга интилган бир шароитда қабул қилинган Давлат тили ҳақидаги қонуннинг кўпгина моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритишни тақозо этди. Натижада 1995 й. 22 дек. да Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақидаги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари ушбу қонун ва б. қонунлар билан белгиланади. Ўзбекистон Республикасида Давлат тилини ўрганиш учун барча фуқароларга шарт-шароит яратилади ҳамда миллатлар ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг ривожланиши таъминланади. Давлат тилини ўқитиш бепул амалга оширилади (4-модда). Давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат б-н қараш тақиқланади. Фуқароларнинг ўзаро муомала, тарбия ва таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар (24-модда). Мамлакатда демократик, байналмилал тамойилларга риоя қилиниб, ҳар бир миллат ва элатнинг эркин ривожланиши, уларнинг тил мустақиллиги ва тенглиги таъминланган. Таълимтарбия ишлари ўзбек тилидан ташқари тожик, рус, қозоқ, корейс, туркман, қирғиз тилларида ҳам амалга оширилади. Миллий марказларнинг фаолияти учун етарли имконият яратилган. Шахсга миллати, ирқи, тили, урф-одат ва анъаналарига қараб бирор имтиёз бериш ёки шу важдан ҳуқуқларини чеклаш жавобгарликка сабаб бўлади.
Ад.: Абдумажидов F ., Давлат тили ҳақида (қонунга шарҳлар), Т., 1998.
Ғафур Абдумажидов.