ДАВЛАТ УЙ-ЖОЙ ФОНДИ

ДАВЛАТ УЙ-ЖОЙ ФОНДИ — давлатнинг ихтисослаштирилган уйлари (ётоқхоналар, ногиронлар, фахрийлар, ёлгиз кексалар учун интернат уйлари, меҳрибонлик уйлари ва б. махсус мақсадлар учун мўлжалланган уйлар), шунингдек, давлат ихтиёридаги идоралар, ташкилотлар, турли муассасаларнинг уй-жой бинолари. Давлат уй-жой фонди маҳаллий ҳокимият идораларига қарашли ва давлат тасарруфидаги ташкилотлар, корхоналар, муассасалар ва б. га карашли турар жой фондларидан иборат. Улар ихтиёридаги турар жой фондларига хизмат кўрсатиш вазирликлар, идоралар қошидаги коммунал хизмат кўрсатиш тармоқлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистонда Давлат уй-жой фондининг шаклланиши 20-а. нинг 20-й. ларидан бошланди. 1924—90-й. ларда республикада молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобига коммунал уй-жой хўжалигига хизмат кўрсатиш тармоги барпо қилинди ва жами 250,4 млн. м2 уй-жой фонди қурилди (шундан 79,1 млн. м2 давлат, жамоат, уй-жой қурилиши ширкатлари уйжой фонди, 171,1 млн. м2 фуқароларнинг шахсий уй-жойи).

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, иқтисодиётни ислоҳ қилиш, бозор иқтисодиётига ўтиш натижасида давлатнинг уй-жой сиёсатида ҳам туб бурилиш ясалди. ЎзР нинг «Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида» (1993 й. 7 май), «Давлат уй-жой сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонунлари қабул қилинди (1996 й. 27 дек. ; яна қ. Давлат мулкини хусусийлаштириш, Уй-жой фонди).

Шаҳар ва қишлоқларда замонавий андозадаги бинолар қад кўтарди. Кейинчалик аҳоли турар жойларини яхшилаш учун жуда кўплаб маблағлар сарфланди. Давлат уй-жой фондининг қарийб 98,8% фуқаролар хусусий мулкига айлантирилди. 1992— 93 й. ларда умумий майдони 57,4 млн. м2 бўлган 990,6 минг квартира арзон баҳоларда, шу жумладан 18,8 млн. м2 бўлган 318,7 минг квартира (маданият, маориф, соғлиқни сақлаш ходимларига) бепул хусусий мулк қилиб берилди.

Loading...