ДАВЛАТ ХАВФСИЗЛИК ОРГАНЛАРИ — муайян давлат ва ижтимоий тузумни ташқи ва ички таҳдидлардан сақлашга, мамлакат ички ишларига ташқаридан бўладиган аралашувларни бартараф этиш, турли хавф-хатарни олдини олишга даъват этилган идоралар. Улар зиммасига давлатнинг барча фуқароларига ўзини намоён қилиш учун ҳамма шароитларни таъминлаш, уларнинг ҳаётини, эркинлиги ва мулкини ҳимоя қилиш вазифалари юклатилади. Ҳар бир давлатда ўзига хос Давлат хавфсизлик органлари ташкил қилинади. Собиқ шўролар даврида (1917—91) Бутун Россия фавқулодда комиссияси (ВЧК), Давлат сиёсий бошқармаси (ГПУ), Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (ОГПУ), иттифоқреспублика давлат хавфсизлик комитети кабилар тузилган эди. Бу органлар разведка, контрразведка, инқилобий саботажга қарши курашишдан ташқари оммавий қатағон сиёсатини амалга оширди, «халқ душманлари»га қарши сиёсий жараёнлар ташкил этди, «аксилинқилобий жиноят» бўйича тергов ўтказиб, сохта суд жараёнлари олиб борди, ўзгача фикрловчиларни таъқиб этди.
Ҳоз. даврда кўпчилик давлатлар учун халқаро терроризм, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши, халқаро наркобизнес, халқаро уюшган жиноятчилик, диний радикал экстремизм, этник гуруҳлар ва конфессиялар ўртасидаги можаролар, атроф-муҳитнинг ифлосланиши кабилар хавфсизликка таҳдид манбаи бўлиб қолди. 21-а. га келиб бу таҳдидлар бир йўла бир неча давлатларга таъсир эта бошлади. Шунинг учун ҳар бир давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш халқаро хавфсизликни таъминлашдан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигига эришгач, ўзининг давлат хавфсизлигини таъминлаш учун республикага нисбатан мавжуд хавф-хатар ва таҳдидларни аниқлаб олди. Мамлакат, шахс, жамиятнинг миллий манфаатлари белгиланди ва уларни ҳимоя қилиш механизми яратилди. Хавфсизликни таъминлашнинг сиёсий, методологик асослари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» асарида (1997) баён этилган. Давлат хавфсизлигини таъминлашга, ички ва ташқи таҳдидларни олдини олишга қаратилган чоратадбирларнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи «Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлик концепцияси» (1997) қабул қилинди. Ушбу концепция асосида шахс, жамият, давлат хавфсизлигини таъминлашнинг ташкилий, ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий, маънавий асосларини босқичма-босқич шакллантиришга киришилди. Хавфсизликни таъминлашнинг ташкилий жиҳатларига давлат органлари томонидан амалга ошириладиган фаолият киради. Бу фаолиятни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги олиб боради. Хавфсизликни таъминлашнинг асосий гаранти сифатида ЎзР Президенти фаолият юритади. Шахс, жамият, давлат хавфсизлигини таъминлашнинг ягона стратегиясини амалга ошириш учун ЎзР Президенти ҳузурида Миллий хавфсизлик кенгаши ташкил қилинган. Хавфсизликни таъминлашнинг ҳуқуқий жиҳатлари аввало ЎзР Конституциясида, шунингдек, мудофаа ҳақидаги доктринада ва юқоридаги ташкилот фаолиятини ҳуқуқий тартибга солувчи қонун ҳужжатларида акс этган. Ўзбекистонда шахс, жамият, давлат хавфсизлигини таъминлашнинг иқтисодий асослари ҳам яратилиб, босқичма-босқич ривожлантириб борилмоқда. Бу бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни шакллантириш, илғор технологиялар асосида иқтисодий ўсишни таъминлашдан иборат. Хавфсизликни таъминлашнинг ижтимоий жиҳатлари мамлакатда барқарорликни таъминлаш, ижтимоий адолатни амалга ошириш, мулкдорлар синфини шакллантиришда кўринади. Хавфсизликни таъминлашнинг маънавий асослари миллий ғоя ва миллий мафкурани шакллантириш ҳамда амалга оширишдан иборат. Ўзбекистон шахс, жамият, давлат хавфсизлигини таъминлашнинг геополитик жиҳатларини ҳам белгилаб олган. Булар, аввало, халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқукли субъекти сифатида давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегаралар дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этган бошқа қоида ва меъёрларига асосланади.
Сайфиддин Жўраев.