ДАВЛАТ ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ ХИЗМАТИ

ДАВЛАТ ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ ХИЗМАТИ (ЎзРда) — йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилувчи, ҳаракатни тартибга солиб турувчи идора; ЎзР ички ишлар вазирлиги таркибидаги бош бошқарма. Ўзбекистонда дастлаб 1936 й. да ички ишлар халқ комиссарлигининг ИшчиДеҳқон милицияси бош бошқармаси таркибида «Давлат автомобиль инспекцияси» ташкил этилди. Бу инспекция турли йилларда ГАИ — ДАН (Давлат автомобиль назорати) номи билан атаб келинди. 2001 й. май ойидан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати деб юритила бошланди. Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар Бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари таркибида йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари, шаҳар, туман ички ишлар бошқарма ва бўлимлари таркибида автомототранспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш меъёрлари ва қоидаларига амал қилишни назорат этувчи гуруҳлар тузилган. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ўз фаолиятида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни (1999 й. 19 авг.), ЎзРнинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва 2001 й. 1 мартдан кучга кирган янги таҳрирдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»га асосланади. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати зиммасига йўл ҳаракатини тартибга солиш, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчи ва пиёдалар томонидан «Йўл ҳаракати қоидалари»га риоя этилишини назорат қилиш, жамоат тартибини саклаш, ички ишлар идораларининг бошқа хизматлари билан биргаликда жиноятчиликка қарши кураш, автомототранспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш қоидаларига амал қилишни назорат этиш, транспорт воситаларини рўйхатга қўйиш, рўйхатдан чиқариш, ҳайдовчилик гувоҳномалари бериш каби вазифалар юклатилган. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати таркибига олий ва ўрта махсус маълумотга эга бўлган, шунингдек, Ўзбекистан Республикаси ички ишлар вазирлиги Академиясининг махсус ф-тини тамомлаган мутахассислар қабул қилинади.

Loading...